Чўл ҳудудларида навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди
Табиат — келажак авлодларга қолдириладиган энг бебаҳо меросдир. Ундаги ҳар бир ўсимлик ва ҳайвонот тури экологик мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ноёб жонзотларни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шунга қарамай, табиат бойликларига нисбатан бепарво муносабат ҳали-ҳамон учраб турибди.
Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан чўл ҳудудларида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида ана шундай қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Маълум бўлишича, Қоровулбозор туманининг “Бўстон” маҳалласи ҳудудида икки нафар фуқаро гарпун ов қуроли ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётган вақтида аниқланган. Улар томонидан жами 4 дона зоғора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 3 дона Туркистон мўйловдори балиғи овлангани маълум бўлди.
Ўрганишлар давомида фуқаро Ғ.Б.нинг Қизил китобга киритилган уч дона Туркистон мўйловдори балиғини ноқонуний овлагани тасдиқланди. Бунинг оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 86 миллион 520 минг сўм этиб ҳисобланди.

Ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги инобатга олиниб, тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун Бухоро вилояти прокуратура органларига юборилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қизил китобга киритилган ҳайвонот дунёси вакилларини ноқонуний овлаш бир нечта жонзотнинг нобуд бўлиши билан чекланиб қолмайди. Бу экологик занжирнинг издан чиқишига, ноёб турларнинг бутунлай йўқолиб кетиш хавфининг ортишига сабаб бўлади. Шунинг учун бундай қонунбузарликларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қатъий қўлланилади.
Табиатни асраш — фақат экологлар ёки назорат органларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш орқали биз нафақат бугунги кун, балки келажак авлоднинг соғлом ва барқарор табиий муҳитини ҳам сақлаб қоламиз. Ҳар бир онгли инсон табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, қонун талабларига амал қилиши ва ноқонуний овчиликка қарши муросасиз бўлиши зарур.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири