Чиқинди энди, электр қувватига айланади
Мутахассисларнинг фикрича жон бошига бир кунда 0,5 кг.гача чиқинди йиғилар экан. Энди буни оила, маҳалла, вилоят ва, ниҳоят мамлакат аҳоли сонига кўпайтириб кўринг-а!
Ҳар куни миллионлаб тонна бўлиб кетади. Ҳозиргача унинг асосий қисми махсус ҳудудларга кўмиб юборилади. Аммо дунёнинг ривожланган мамлакатларида чиқиндини қайта ишлаш, ёқиш орқали иккиламчи маҳсулот олиш оммалашган.


Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти шу йил 24 мартда “Наманган ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилган эди. Унинг ижросини таъминлаш учун Хитойнинг “China Everbright International Ltd” компаниясини жалб этдилар. Олиб борилган музокаралардан сўнг бу компания кунига 1,5 минг тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлаб йил давомида 227,5 млн kVt электр энергияси ишлаб чиқарадиган корхона бунёд этадиган бўлганди. Қиймати 141,5 млн доллар бўлган бу лойиҳани Фарғона туманининг Оқбилол қишлоғида амалга оширишга киришдилар. Маблағ Хитой компаниясининг тўғридан-тўғри инвестициясидир.


– Янгидан бунёд этилаётган корхона бир йилда 547 минг тонна маиший чиқиндини экологик хавфсиз термик усулда қайта ишлаш қувватига эга, – дейди қурилиш бошланишига бағишланган тадбирда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов. – Шундай қилиб, ҳам чиқиндидан холис бўламиз, ҳам энергия яратилади.
Янги корхона қурилиши бошланишига бағишланган маросимда соҳа мутахассислари, фахрийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА