“Чақирилмаган меҳмон” нинг қинғир иши...
Қирғизистон Республикасининг Қизилқия шаҳрида яшовчи 35 ёшли Г. Маргуч Қувасой шаҳридаги қариндошларини йўқлаб келиб, бир муддат юртимизда умргузаронлик қилди. Аниқ иши йўқлиги учун орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, чўнтаги “ҳуштак” чала бошлади. Қийинчиликдан қутилиш учун Фарғона шаҳри бўйлаб “ов”га чиқди.
Фарғона шаҳри марказида жойлашган “Артель” савдо мажмуаси атрофидаги автотураргоҳда айланиб юрар экан, шинам автомашиналардан бири “Lacetti” эътиборини тортди. Универсал пульт ёрдамида машина эшигини очди ва олди ўриндиқда қолдирилган 1 миллион сўмлик “RedMi-5” телефонни ўғирлади. Телефонни нотаниш харидорга 350 минг сўмга пуллади ва пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатди. Дастлабки “иши” бароридан келгани учун қувонган “чақирилмаган меҳмон” яна пул, осон ўлжа илинжида вилоят марказида пайдо бўлди.
Каштанзор кўчасида турнақатор машиналар орасида “Nexia-3” нинг олди ўриндиғида унутиб қолдирилган “HP” русумли янги ноутбук унинг тинчини бузди. Ён-атрофда ҳамма ўз юмуши билан андармон эканини кўргач, универсал пульт ёрдамида машинани очди ва ноутбукни олиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ўша куннинг ўзида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи таниши орқали салкам 7 миллион сўм турувчи ноутбукни 2,5 миллион сўмга сотиб юборди. Ҳар икки ҳолат бўйича ҳам жабрланувчиларнинг ички ишлар идораларига мурожаати асосида жиноят иши қўзғатилди. Тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида етарли далилий ашёлар йиғилиб, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари асосида жиноятчи қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукмига кўра, ўғирланган буюмлар жабрланувчиларга етказилиб, моддий зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олинган ҳолда Г. Маргуч икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
М. Сулаймонов, ЎзА