Бюджет маблағлари шаффофлиги — устувор вазифа
Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан “Бюджет ва маблағлар: ажратилган пул қаерга ва қандай сарфланди?” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда соҳа ходимлари билан бир қаторда марказий ва ҳудудий ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда таълим соҳасига ажратилган бюджет маблағларининг манзилли ва самарали сарфланиши, молиявий шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш, умумий ўрта таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда маблағлардан оқилона фойдаланиш каби устувор йўналишлар очиқ рақамлар асосида таҳлил этилди.
Матбуот анжуманида маълум қилинганидек, 2025 йилда бошқарма аппарати фаолиятини таъминлаш учун ажратилган маблағлар деярли тўлиқ ўзлаштирилган. Жумладан, ходимларнинг иш ҳақи ва устамалари учун 5,8 млрд сўмдан ортиқ, ижтимоий ажратмалар учун қарийб 1,4 млрд сўм, ташкилотни сақлаш билан боғлиқ харажатларга эса 650 млн сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. Мазкур кўрсаткичлар келгусида иш ҳақи ва устамалар ҳамда ажратмалар ҳисобига янада ошиши кутилмоқда.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йилда таълим тизимида фаолият юритувчи ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари ўртача 3,8 млн сўм маош олган ходимлар учун рағбатлантириш тизими жорий этилди. Кўп йиллик меҳнат эътибордан четда қолмади — устамалар жорий этилиши натижасида маошлар қарийб икки баробар ошиб, 8,9 млн сўмга етди. Айни пайтда эса ўртача иш ҳақи 9,7 млн сўмни ташкил этмоқда.
Таълим муассасаларининг моддий таъминотини мустаҳкамлаш ҳам эътибордан четда қолмади. Қиш мавсумини барқарор ўтказиш мақсадида 2025 йилда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига 14 минг тоннадан ортиқ кўмир етказиб берилди. Бунинг учун 6,3 млрд сўм маблағ сарфланган бўлса, уни ҳудудларга етказиб бериш учун яна қарийб 900 млн сўм йўналтирилди. Энг муҳими, бунинг ортидан минглаб синфхоналарда болалар билим олишига шароит яратилган.
[gallery-29044]
Шу билан бирга, таълим сифатига бевосита таъсир этувчи моддий-техник база ҳам сезиларли даражада янгиланди. Хусусан, мактаблар 1,2 млрд сўмлик замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. 32 та мактабга 500 дан ортиқ моноблок компьютерлар етказиб берилиб, компьютер синфлари тўлиқ шакллантирилди. Яна 25 та мактабга ўрнатилган замонавий 75 дюймли интерактив доскалар эса дарс жараёнларини янада самарали ва интерактив ташкил этиш имконини бермоқда.
2026 йил учун режалаштирилган маблағлар эса бу ислоҳотлар изчил давом этишини кўрсатмоқда. Демак, бугунги ўзгаришлар эртанги натижалар учун мустаҳкам пойдевордир.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳанинг масъул раҳбарларидан батафсил жавоб олди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА