Буюк Британия мудофаа вазири кутилмаганда истеъфога чиқди (+видео)
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили мудофаа соҳаси учун маблағ етишмаётганини сабаб қилиб, лавозимини тарк этди, деб хабар берди DW нашри.
Сиёсий доираларда унинг истеъфоси бош вазир Кир Стармер учун яна бир жиддий сиёсий зарба бўлди, дейишмоқда. 11 июнь куни Жон Хили кутилмаганда истеъфога чиққанини эълон қилди.
У бош вазир Кир Стармер ва Молия вазирлигини мамлакат мудофааси учун зарур бўлган маблағни ажратмаганликда айблади. Хилининг таъкидлашича, ҳукумат ва Молия вазирлиги мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлган маблағни беришга тайёр эмас. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғидаги баёнотида маълум қилган.
Сўнгги пайтларда Британия оммавий ахборот воситалари ҳукумат ичида мудофаа харажатлари бўйича келишмовчиликлар борлиги ҳақида хабар бериб келаётган эди. Яқин ўн йилликка мўлжалланган Мудофаа инвестициялари режаси бир неча ойдан бери тасдиқланмай келмоқда. Бу эса бизнес доираларининг норозилигига сабаб бўлган.
Маълумотларга кўра, янги бюджет келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.
Хилининг айтишича, у мазкур режа билан фақат 8 июнь куни танишиш имкониятига эга бўлган. Унинг фикрича, бу режа ҳозирги хавфли вазиятда мамлакат ва мудофаа тизими эҳтиёжларига жавоб бермайди.
Жон Хилининг сўзларига кўра, агар ҳозирги эҳтиёжларга мос келадиган мудофаа режаси қабул қилинмаса, у қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигига салбий таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилишга мажбур бўларди. Бу эса ҳарбий хизматчилар ҳаётини хавф остига қўйиши ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Шу сабабли у бундай ҳолатни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблаган ва истеъфо беришдан бошқа чораси қолмаганини айтган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qD8UjOgcBq0?si=sN-wCq2z8P5bS60u" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА