Бухоронинг "Иссиқ юракли одами"
Бухоро вилоятини 12 йил давомида бошқарган Қаюм Муртазоевнинг сермаҳсул фаолияти нафақат воҳа ҳаётида, балки мамлакатимиз тарихида ҳам ўчмас из қолдирган.
Ёзувчи ва публицист Илҳом Каримов ўзининг “Иссиқ юракли одам” китобида шундай ёзади: “ХХ асрда Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида уч атоқли шахс алоҳида эъзозланган. Вақт ўтиши ва сиёсий шамолларнинг ўзгаришига қарамай, Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат ва Қаюм Муртазоев номлари элни обод қилган, халқ қалбини забт этган, вақт чанг сола олмайдиган буюк сиймолар сифатида ҳамиша эҳтиром билан тилга олинади”.
Хотира — ўтмишга эҳтиром, келажакка ибрат. Қаюм Муртазоевнинг Бухородаги раҳбарлик даври инсонийлик, мардлик ва юксак масъулиятнинг ҳақиқий мактаби. Унинг фаолияти энг оғир синовлар билан тўла даврга тўғри келди.

1963 йилда юзага келган Ўртабулоқ газ конидаги фавқулодда авария, 1000 кундан ортиқ давом этган улкан газ фавворасининг ёнғин ҳолати, 1968–1969 йиллардаги аёзли ва совуқ қишлар, Қизилқум ва Бухоро воҳасини қамраб олган табиий қийинчиликлар, 1976 йилда Газли шаҳрини вайрон қилган кучли зилзилалар — буларнинг барчаси халқ ва ҳудуд тақдири учун оғир синовлар эди.
Шундай мураккаб вазиятларда Қаюм Муртазоев фидокорона меҳнат қилди, эл дардига дармон бўлди. Ўртабулоқдаги авария пайтида у вазиятни шахсан ўрганиб, масъул идораларни ҳаракатга келтирди. Йиғилишда қатъий позиция билдириб, муаммони ҳал этиш учун илмий ва амалий кучларни сафарбар қилишга эришди. Натижада, 1000 кун давом этган улкан ёнғин 1966 йилда 22 сония ичида бартараф этилди.
1968 йилдаги қаттиқ қаҳратон қишда эса у Қизилқум саҳросида қолган аҳоли ва чорва молларини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солди. Авиация ва ҳарбий кучлар жалб қилиниб, олис ҳудудларга озиқ-овқат ва ёрдам етказилди.
1976 йилдаги Газли зилзиласи эса унинг раҳбарлик салоҳиятини яна бир бор синовдан ўтказди. У воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, жабрланган аҳолини жойлаштириш, таъминлаш ва шаҳарни қайта тиклаш ишларини ташкил этди. Натижада Газли қисқа муддатда қайта қурилди ва замонавий шаҳар мақомига эга бўлди.

Қаюм Муртазоев ташаббуси билан Зарафшон ва Навоий каби янги саноат шаҳарлари барпо этилди. Мурунтов олтин кони ўзлаштирилишида эса у саҳро ўртасида замонавий шаҳар қуриш ғоясини илгари сурди. Сув қувурлари тортилиб, инфратузилма яратилди ва янги саноат марказлари вужудга келди.
Унинг раҳбарлик услуби адолат, ҳақиқат ва масъулиятга асосланган эди. У сохта ҳисоботлар ва сунъий кўрсаткичларга қарши қатъий кураш олиб борди, ҳар бир қарорда халқ манфаатини устувор қўйди.
1982 йил 25 май куни 56 ёшида ҳаётдан кўз юмган бу буюк инсон ортидан обод шаҳарлар, яратилган инфратузилма ва энг муҳими — халқнинг чексиз ҳурмати ва муҳаббати қолди.
Бугун Қаюм Муртазоев таваллудининг 100 йиллиги нишонланар экан, унинг жасоратли, ғалвали ҳаёт йўли ва бой мероси Ватанга садоқат, халққа хизмат ва виждонли раҳбарликнинг ёрқин намунаси сифатида келажак авлодлар учун мангу ибрат бўлиб қолади.
Маҳлиё Мирсоатова,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети доценти,
филология фанлари номзоди.
ЎзА