Бухородаги 106 та масжидда ҳайит намози ўқилди
Бухоро вилоятида ҳам Президентимизнинг 2026 йил 18 мартдаги “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қутлуғ ҳайит байрами кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қаторида бухороликлар ҳам эрта тонгдан вилоятдаги 106 та жоме масжидда ҳайит намозини адо этишди. Ушбу ибодатларда 170 мингдан ортиқ намозхон иштирок этди.

Намозхонлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Масжидлар ва уларнинг атроф-муҳити ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.
Халқимиз учун эзгулик, саховат ва руҳий покланиш рамзи бўлган ушбу муборак кунларда бухоролик уламолар, имом-хатиблар, муҳтарам фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, юртимиз равнақи йўлида самимий дуолар қилинди.

Ҳайит байрами арафасида “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда ташаббускор ҳомийлар томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, “Мурувват” уйларида ҳам хайрия тадбирлари ташкил этилди.
Шу билан бирга, муқаддас қадамжолар ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, улар тартибга келтирилди.
Муборак Рамазон ҳайити халқимизнинг бирдамлиги, меҳр-оқибати ва эзгу қадриятларини яна бир бор намоён этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.