Бухорода туризм салоҳияти юксалмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туризм соҳасини ривожлантириш, инфратузилмани кенгайтириш ва хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ҳисобот даврида 57 та янги жойлаштириш воситаси фойдаланишга топширилди. Натижада вилоятдаги меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари сони 730 тага, улардаги ўринлар сони эса қарийб 19 мингтага етди.
Шунингдек, 26 та янги туроператор ва турагент фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 248 тага етди. Бу сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар турини кенгайтириш ва туристик бозорда рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йил бошидан буён Бухоро вилоятига 1 миллион 577 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34,9 фоизга кўп бўлиб, республикага келган хорижий сайёҳларнинг 23,1 фоизи Бухоро ҳиссасига тўғри келди.
Ички туризмни ривожлантириш доирасида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди. Вилоят бўйлаб 3 миллион 237 минг нафар маҳаллий сайёҳ саёҳат қилди. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида эса 652,2 минг нафар аҳолининг саёҳати ташкил этилди.
[gallery-30568]
Туризм хизматлари экспорти ҳажми биринчи ярим йилликда 450,5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,3 фоизга ўсди.
Туристик йўналишларни кенгайтириш мақсадида Шофиркон туманидаги Хўжа Ориф ҳамда Бухоро туманидаги Чор Бакр қишлоқларига «Туризм қишлоғи» мақоми берилди. Шу билан вилоятдаги туризм объектлари сони 257 тага етди.
Бухоронинг халқаро туризм маркази сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашда маданий тадбирлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил май ойида ўтказилган III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида 47 давлатдан келган 150 нафардан ортиқ хорижий иштирокчи ҳамда 500 нафарга яқин маҳаллий ҳунарманд қатнашди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА