Бухорода Осиё хотин-қизларининг нуфузли форуми
Жорий йилнинг 13–15 май кунлари қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрида Осиё хотин-қизларининг II форуми ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Мазкур анжуман хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган муҳим халқаро мулоқот майдони сифатида аҳамият касб этади.
Форумда 40 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг нуфузли вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукумат вакиллари, дипломатик корпус ходимлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари анжуман доирасида ўзаро тажриба алмашади.
“Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусида ташкил этиладиган форумда бугунги кунда дунё ҳамжамияти учун долзарб бўлган қатор масалалар муҳокама қилинади. Хусусан, хотин-қизларни давлат ва жамият бошқарувига кенг жалб этиш, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларида уларнинг иштирокини кучайтириш, иқтисодий мустақиллик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ва таълим соҳаларида имкониятларни кенгайтириш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, форум доирасида илм-фан, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида аёллар фаоллигини ошириш, рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя масалаларига бағишланган тўртта параллел сессия ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса хотин-қизларнинг замонавий тараққиёт жараёнларидаги ўрни ва салоҳиятини янада намоён этишга хизмат қилади.
Анжуман доирасида “Илм-фанда аёллар етакчилиги: замонавий чақириқлар, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик” мавзусида Олима аёллар форуми ҳам ташкил этилади. Унда илм-фан соҳасида фаолият юритаётган олима ва тадқиқотчиларнинг замонавий ёндашувлари, инновацион ғоялари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.
Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати, миллий маҳсулотлар кўргазмаси бўлади. Унда мамлакатимизнинг тўқимачилик, кулолчилик, ипакчилик, чарм-пойабзал саноати, нақш ўймакорлиги ва экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилади. Шу билан бирга, хотин-қизлар томонидан амалга оширилаётган муваффақиятли лойиҳалар, инновацион стартаплар ва экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳсулотлар тақдимоти ҳам ўтказилади.
Қадимий Бухоро шаҳрида ўтказилаётган мазкур нуфузли форум нафақат хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, балки мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот майдонига айланиши билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири