Бухорода бирдамлик ва бағрикенглик тантанаси
Инсоният тараққиёти тарихига назар ташласак, ҳар қандай давлатнинг қудрати аввало унинг халқи ўртасидаги аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳити билан белгиланади. Турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ҳамжиҳат яшайдиган юртда тинчлик мустаҳкам, тараққиёт барқарор, келажак эса ёруғ бўлади. Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилаётгани ҳам ана шу эзгу тамойилнинг амалий ифодасидир.
30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Бухоро шаҳрида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шу эзгу ғояларнинг яна бир ёрқин намоёнига айланди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар иштирок этишди. Анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимизда турли миллат ва элатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди.
Алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган оқилона сиёсати туфайли мамлакатимизда барча миллат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бирдек ҳимоя қилинмоқда.
Давлат раҳбарининг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган байрам табригида ҳам юртимиздаги тинчлик, аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш, ҳар бир миллат ва элат вакилининг миллий қадриятлари, тили ва маданиятини ҳурмат қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори экани алоҳида қайд этилди. Ушбу табрик тадбир иштирокчилари томонидан катта мамнуният билан қарши олинди ва юртдошларимизни янада бирлаштирувчи муҳим дастуриламал сифатида эътироф этилди.
[gallery-30647]
Тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар, турли давлатдан келган сайёҳлар, ёш авлодни турли миллатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланди.
Қайд этилганидек, бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган кўҳна ва боқий Бухоро азалдан турли халқ ва миллатларни бирлаштирган бағрикенг диёр сифатида бутун дунёга танилган. Буюк Ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган ушбу замин асрлар давомида турли маданиятлар, динлар ва миллатларни ўзаро яқинлаштирган, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматнинг ноёб намунасини яратган.
Бугун ҳам ушбу эзгу анъаналар муносиб давом эттирилмоқда. Айни пайтда вилоятда 40 дан ортиқ миллат вакиллари аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Вилоятда фаолият юритаётган 12 та миллий-маданий марказ халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
Бу жараёнларда бошқа миллат вакилларининг давлат бошқарувидаги иштироки ҳам эътиборга молик. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутатлар орасида, Халқ депутатлари вилоят Кенгашида ҳамда шаҳар ва туманлар Кенгашлари таркибида бошқа миллат вакилларининг фаолият юритиши мамлакатимизда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратилганининг яна бир амалий исботидир.
Президентимиз ташаббуси билан Бухоро шаҳрида барпо этилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи” эса миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим маънавий-маърифий масканга айланган. Бу ерда миллий-маданий марказлар учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, улар ўз она тили, миллий анъаналари ва маданиятини тарғиб қилиш, турли тўгарак ва маданий тадбирларни ташкил этиш имкониятига эга. Шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан миллий-маданий марказларни қўллаб-қувватлаш мақсадида грант ва субсидиялар ажратилаётгани ҳам давлат эътиборининг яна бир ёрқин ифодасидир.
— Юртимиздаги тинчлик ва тотувлик муҳити мамлакат тараққиётининг энг муҳим гарови, — деди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абира Ҳусейнова. — Турли миллат вакиллари бир мақсад йўлида елкама-елка меҳнат қилаётгани Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги.
Республика Озарбайжон миллий маданият маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Марал Мамедова ҳам мамлакатимизда миллатидан қатъи назар ҳар бир инсон ўзини Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фарзанди сифатида ҳис этаётганини, бу эса давлат раҳбарининг инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсати самараси эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш йўлида муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ миллий-маданий марказлар фаоллари ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Байрам тадбири миллий-маданий марказлар ижодкорлари ҳамда эстрада санъаткорлари иштирокидаги ранг-баранг концерт дастури билан янада кўтаринки руҳ касб этди. Турли миллатларнинг миллий куй-қўшиқлари, рақслари ва саҳна чиқишлари залдаги барча иштирокчиларга унутилмас таассурот бағишлади.
Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказилган ушбу тадбир яна бир бор шуни намоён этдики, Янги Ўзбекистоннинг энг катта кучи — унинг аҳил ва бағрикенг халқидир. Турли миллат ва элат вакилларининг ягона Ватан равнақи йўлида бирлашиб, бир мақсад сари интилаётгани мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, тинчлик ва миллатлараро тотувлик ҳукм сурган жамиятда тараққиёт барқарор, инсон қадри юксак ва келажак ишончли бўлади. Бухорода ўтказилган мазкур байрам тадбири эса ана шу эзгу ғояларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, халқимиз бирдамлиги ва Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яна бир бор намоён этган тарихий аҳамиятга эга маърифий анжуман сифатида иштирокчилар қалбида чуқур таассурот қолдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари