Бухоро — Янги Ўзбекистон бунёдкорлиги ва тараққиёти марказларидан бири
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида Янги Ўзбекистон ғоялари асосида кенг кўламли бунёдкорлик ва шаҳарсозлик ишлари изчил амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлар ҳудуд инфратузилмасини тубдан янгилаш, тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда замонавийлик ва анъанавий меъморчилик уйғунлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Асрлар давомида Шарқ тамаддунининг йирик марказларидан бири бўлиб келган Бухоро бугун ҳам ўзининг бой тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари ва бетакрор меъморий ёдгорликлари билан дунё эътиборида. Пои Калон мажмуаси, Арк қалъаси ва Лаби Ҳовуз ансамбли каби тарихий обидалар замонавий шаҳар қиёфаси билан уйғун тарзда сақланиб, қайта тикланиб бормоқда.
Вилоятда шаҳарсозлик йўналишида янги турар-жой массивлари барпо этилмоқда, замонавий йўл-транспорт инфратузилмаси кенгайтирилмоқда, ижтимоий соҳа объектлари қурилмоқда. Бу жараёнда тарихий қиёфани сақлаш ва меъморий меросни эҳтиёткорлик билан реставрация қилишга устувор аҳамият қаратилаётир. Натижада, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган янги шаҳар муҳити шаклланмоқда.
[gallery-29245]
Ҳудудда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар ҳам изчил давом этяпти. Замонавий меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш объектлари ва маданий ҳордиқ масканлари фаол барпо этилмоқда. Бу эса маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун янада қулай шароит яратмоқда. Таъкидлаш жоиз, 2026 йилнинг I чорагида Бухорога 2 миллион 137 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ўсган.
Бундай кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлаш ҳамда келажак авлод учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА