Бухоро ва Навоий вилоятларида экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш учун соҳага замонавий технологиялар жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бухоро ва Навоий вилоятларида қаттиқ, маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Бухоро ва Навоий вилоятларида экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади.
Қарор билан Лойиҳани амалга ошириш доирасида Инвестор – "Wangneng (UZ) Environmental Protection Energy Pte. Ltd" компанияси (Сингапур) ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқланди.
Электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ:
а) Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида "Ўзэнергосотиш" АЖга кафолатланган тарзда сотади;
б) Лойиҳа компанияси Лойиҳа доирасида электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун зарур бўлган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва тегишли электр инфратузилмаси қурилмаларини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан бериладиган техник шартлар асосида қуради ва ишга туширилгандан сўнг уларни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга топширади;
в) Лойиҳа компанияси электр станциясини ишга туширишдан олдин "Миллий диспетчерлик маркази" ДУК ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан биргаликда унинг электр энергетика тизимига таъсирини баҳолаш бўйича техник хулоса тайёрлайди ҳамда мазкур хулоса асосида тармоққа уланишнинг якуний шартлари келишилади;
г) "Ўзэнергосотиш" АЖ 30 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда миллий валютада харид қилади;
д) Агентлик Лойиҳа компаниясига 30 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб беради;
ж) Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади;
з) Инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан Лойиҳа доирасида ўзи томонидан таъсис этиладиган Лойихҳакомпанияси фойдасига воз кечади.
Лойиҳа компанияси ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилади.
Лойиҳа чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ва уларга туташ бўлган ҳудудларда амалга оширилади.
Агентлик:
а) ҳаво электр узатиш тармоқлари учун ажратилган ер участкаларини Лойиҳа компаниясига ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга ижарага беради;
б) экосаноат зоналаридаги ер участкаларини улардан Лойиҳа доирасида фойдаланиш учун Лойиҳа муддатига тенг бўлган муддатга Лойиҳа компаниясига ижарага беради.
ЎзА