Бухоро давлат техника университети талабалари “Asia Trans Gas”да амалиёт ўтади
Бухоро давлат техника университетининг 24 нафар талабаси “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқариш амалиётини муваффақиятли якунлади.
Глобал энергетика тузилмаси чуқур ўзгараётган бугунги кунда нефть-газ тармоғини юқори малакали мутахассисларсиз самарали ривожлантириб бўлмайди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги энергетика ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК кадрлар соҳани барқарор ривожлантиришга туртки берадиган асосий куч эканлигини чуқур англайди. Ушбу амалий дастурнинг амалга оширилиши компаниянинг Ўзбекистондаги ижтимоий мажбуриятларини бажариш йўлидаги муҳим қадамидир. Корхона фан, таълим ва ишлаб чиқаришни уйғун ҳолда инновацион ривожлантириш учун платформа яратиб, илғор технологиялар ва амалий тажрибани кадрлар тайёрлаш ресурсларига айлантиради, минтақанинг энергетика тармоғини модернизация қилишга ёрдам беради.

Амалиётнинг биринчи кунида талабалар қўшма корхона раҳбарияти билан учрашдилар. 14 кун давомида талаба ёшлар Бухоро вилоят магистрал газ қувурлари бошқармаси техник бўлими, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш маркази, лабораторияга ташриф буюрдилар, шунингдек, саноат хавфсизлиги, ускуналардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш жараёнлари ва бошқа мавзуларга бағишланган махсус тренингларда иштирок этдилар. “Asia Trans Gas” кўшма корхонасининг тажрибали мутахассислари реал ҳолатлар асосида уларнинг назарий билимларини амалий кўникмаларга айлантирдилар.

Ишлаб чиқариш амалиёти давомида талабалар Марказий диспетчерлик бошқармасига ҳам ташриф буюриб, газ қувурлари тизимини реал вақт режимида мониторинг қилиш тамойиллари, операторларнинг иш жараёни ва замонавий автоматлаштириш ва диспетчерлик назорат тизимлари билан танишдилар. Бу бўлажак мутахассисларга энергетика соҳасини ривожлантириш ва энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологияларнинг муҳим ўрнини англашга ёрдам берди.

2-сонли компрессор станциясига амалий ташриф талабалар учун асосий ишлаб чиқариш ускуналарининг ишлаш тамойилларини яқиндан ўрганиш имконини берди. Бу ерда улар компрессор агрегатлари, автоматлаштириш тизимлари ва бошқа муҳим ускуналар билан танишиш билан бирга, корхонанинг техник мутахассислари билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Амалий машғулотлар давомида корхона ходимлари компрессор агрегатларининг ишлаш тамойиллари, назорат ва ўлчов асбоблари ҳамда электр ускуналари тўғрисида маълумот бердилар.
Амалиёт даврида корхона талабаларга соҳа мутахассислари билан мулоқот қилиш учун платформа ҳам тақдим этиб, у орқали талабалар мутахассислар билан касбий ривожланиш истиқболлари, соҳадаги технологик тенденциялар ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдилар. Бу уларнинг келгусидаги касбий фаолияти учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилди.

Мазкур амалиёт дастури олий таълим муассасаси ва корхонанинг кадрлар тайёрлаш бўйича самарали ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлиб, Ўзбекистон-Хитой шериклигини янада кенгайтиришга хизмат қилди. “Asia Trans Gas” бундан кейин ҳам олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, кадрлар тайёрлашнинг турли моделларини тадбиқ этиш ҳамда минтақа энергетика тармоғини барқарор ривожлантириш учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшишда давом этади.
ЎзА