Бунёдкор маҳалласида янги имкониятлар яратилмоқда
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Бунёдкор маҳалласида кеча ва бугун ўртасидаги фарқни нафақат обод кўчалар, таъмирланган йўллар ва янгиланган инфратузилмада, балки одамларнинг меҳнат қилиб, даромад топиши учун яратилаётган имкониятларда ҳам кўриш мумкин. Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар маҳалланинг ижтимоий қиёфасини яхшилаш билан бирга, унинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари “оғир” маҳалла сифатида белгиланган Бунёдкорда бўлиб, амалга оширилган ишлар, аҳоли учун яратилган шароитлар, мавжуд имкониятлар ва фойдаланиш мумкин бўлган захираларни ўрганди.
Маҳалладаги вазиятни яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида Республика бюджетидан 2 миллиард сўм, маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу маблағлар ҳисобидан 1,3 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди, 30 та замонавий тунги ёритиш чироғи ўрнатилди, 1,5 километр ички йўл асфальтланди. Маҳалла марказида кичик бозорча ва ҳунармандчилик маркази ташкил этилди.
Бир қарашда инфратузилмага оиддек туюлган бу ишлар, аслида, ҳудуднинг иқтисодий фаоллиги учун ҳам муҳим замин яратмоқда. Обод ва қулай муҳит тадбиркорликни ривожлантириш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва аҳоли фаоллигини ошириш учун зарур шартлардан биридир.
Бу жараёнда энг муҳим йўналишлардан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлашдир. Маҳаллада ташкил этилган ҳунармандчилик марказида айни пайтда 25 нафар хотин-қиз тикувчилик билан шуғулланиб, меҳнати орқали даромад топмоқда. Яна 30 нафардан зиёд хотин-қиз хонадонларида касаначилик асосида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган. Шу тариқа бандликни таъминлашнинг бир нечта шакли ривожланмоқда.
Тикувчилик соҳасидаги имкониятлар бундан ҳам кенг. Республика ишчи гуруҳи аъзолари “Бунёдкор тикувчи қизлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб, корхонада яратилган шароитлар, мавжуд қувват, фойдаланилмаётган захиралар ва фаолиятдаги муаммоларни ўрганди. Корхона қувватини ошириш, аниқланган масалаларни бартараф этиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича таклифлар билдирилди.
[gallery-31797]
“Нодира” тикувчилик ўқув марказида тикувчилик касбини эгаллаш истагидаги хотин-қизларга назарий билим ва амалий кўникмалар берилмоқда. Бу имконият фуқароларга касб эгаллаш билан бирга, келгусида мустақил даромад манбаини шакллантириш учун ҳам замин яратади.
Бунёдкор маҳалласидаги жараёнлар бир-бирини тўлдирмоқда: касб ўргатиш, иш билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва хонадонбай меҳнатни қўллаб-қувватлаш ягона занжирга айланмоқда. Бу эса маҳаллада иқтисодий фаолликни оширишнинг амалий модели сифатида намоён бўлмоқда.
Ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида маҳалладаги ижтимоий объектларда аҳоли учун яратилган шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳалла ҳудудидаги 9- умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши ва муносиб тарбия топиши учун яратилган шароитлар, спорт майдончаларининг ҳолати ҳамда муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилди. Аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Айни ўрганишлар жараёнида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун яратилган шароитлар, тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳали тўлиқ ишга солинмаган захиралардан фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Зеро, маҳалла тараққиётини фақат қурилган объектлар ёки ободонлаштириш ишлари билан баҳолаб бўлмайди. Унинг асосий мезони одамларнинг турмушидаги ўзгариш, оилавий даромаднинг ўсиши, янги касб эгаллаган фуқаролар ва яратилган барқарор иш ўринларидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири