Бугунги ёшлар эртанги тараққиётнинг таянчи
Мамлакатимизда ҳар бир йигит-қизнинг қобилиятини рўёбга чиқариш, замонавий касбларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тил ўрганиш, спорт билан шуғулланиш, ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сардоба туманида амалга оширилаётган ишлар ҳар бир ёшнинг қизиқиши, қобилияти ва эҳтиёжидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Жумладан, ишсиз 164 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 67 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 31 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 36 нафари ўзини ўзи банд қилди. Ёшларга ер ажратиш, таълим олиш ва ҳарбий хизматга йўллаш каби йўналишларда амалий кўмак кўрсатилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш ва даромад манбаини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муайян натижалар бермоқда.


– Ёшлар билан ишлашда энг муҳими – уларнинг муаммосини кутиб ўтирмасдан, ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида ўрганиш, эҳтиёждан келиб чиқиб аниқ ечим таклиф қилишдир. Ёшга иш керак бўлса, уни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка қизиқса, зарур шароит яратиш, касб ўрганиш истагида бўлса, тегишли йўналишга ўқитишимиз керак. Чунки давлат томонидан яратилаётган имконият уларнинг ҳаётида аниқ натижага айлансагина, унинг ҳақиқий самараси намоён бўлади, – дейди Сардоба тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Баҳром Жумабоев.

Туманда битирувчилар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда 1 минг 37 нафар битирувчининг келгуси фаолияти бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг 188 нафари доимий ишга жойлаштирилди. 302 нафари касб-ҳунарга қайта ўқитилди, 342 нафари эса таълимни давом эттиришга йўналтирилди. Қолган ёшлар тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилиш ва меҳнат миграцияси каби йўналишларга жалб этилди.

Сардобалик ёшларга AutoCAD, 3D Max, дастурлаш, Windows администратори, график дизайн каби замонавий йўналишлар бўйича билим ва кўникмалар беришга эътибор қаратилмоқда. Хорижий тилларни ўрганиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. 14 нафар ёшнинг халқаро имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Натижада 14 нафар ёш C1, 36 нафари эса B2 даражадаги инглиз тили сертификатларига эга бўлди.

– Бугун таълим муассасасини тамомлаган ёшнинг эртанги тақдири кўп жиҳатдан унинг меҳнат бозорига қанчалик тайёр эканига боғлиқ. Шу маънода, “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясида белгиланган ёшлар бандлиги, тадбиркорлик, сифатли таълим, хорижий тиллар ва замонавий касбларни эгаллаш каби вазифалар Сардобадаги ишларимиз учун ҳам муҳим мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар бир ёшнинг қўлида касби, тилида билими, қалбида мақсади бўлса, унинг имконияти ҳам, келажакка ишончи ҳам ортади. Биз учун ҳар бир ёшнинг бирор натижага эришиши муҳим, – дейди Баҳром Жумабоев.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва қобилиятини ривожлантириш учун ҳам зарур инфратузилма шакллантирилган. Айни пайтда туманда 81 та спорт майдончаси, 6 та таълим маркази, 3 та кутубхона, Ёшлар маркази, Ёшлар саноат зонаси ҳамда дам олиш боғи фаолият кўрсатмоқда.

2026 йилда 15 минг 124 нафар ёшни мазмунли дам олиш ва бўш вақтни самарали ташкил этиш тадбирларига жалб қилиш, 3 минг 835 нафар ёшнинг иқтидорини ривожлантириш мақсад қилинган. Бу эса ёшлар сиёсатида таълим ва бандлик билан бир қаторда, маънавий-маърифий ва спорт йўналишлари ҳам қамраб олинаётганини кўрсатади.

Албатта, эътибор ва кўмакка муҳтож ёшлар ҳам бор. Туманда 277 нафар ёш “қизил” тоифага киритилган бўлиб, улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилган. Шунингдек, 169 нафар ёш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органлари вакилларига бириктирилган.


Сардобада бугун амалга оширилаётган ишлар улкан мақсад сари қўйилаётган амалий қадамлардир. Зеро, бугун ўз ўрнини топган, касб ва билим эгаллаган, ташаббусни рўёбга чиқарган ҳар бир ёш эртанги тараққиётнинг мустаҳкам таянчидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири