Бугун – темир йўл транспорти ходимлари куни
Темир йўл шунчаки манзилдан манзилга элтувчи йўл эмас. У мамлакат иқтисодиётининг пўлат томири, савдо-сотиқ, саноат ва туризмни бир-бирига боғлайдиган ишончли кўприкдир.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиёти кучли давлатларнинг аксариятида темир йўл тармоғи ҳам ривожланган. Бир поезд юзлаб юк машиналари ташийдиган юкни бир вақтнинг ўзида манзилига етказиши мумкин. Бу эса ёқилғи сарфини камайтиради, экологик таъсирни пасайтиради ва маҳсулотларнинг арзон ҳамда тез етказиб берилишига хизмат қилади.
Ўзбекистон ҳам қитъаларни боғловчи муҳим транспорт чорраҳасида жойлашган. Мамлакатимиз темир йўл тармоғи Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Европа ва Осиё бозорларини боғловчи халқаро транспорт йўлакларининг муҳим бўғини ҳисобланади. Темир йўл орқали экспорт ва импорт юклари хавфсиз ва самарали ташилиб, ташқи савдо ҳажмини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодий ўсишга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда юқори тезликдаги поездлар ҳаракатининг кенгайиши, вокзаллар инфратузилмасининг янгиланиши, рақамли хизматларнинг жорий этилиши ва логистика имкониятларининг оширилиши соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.
Темир йўл тизимида меҳнат қилаётган минглаб фидойи инсонлар ҳар куни йўловчилар хавфсизлиги, юкларнинг ўз вақтида манзилга етиб бориши ва мамлакат иқтисодиётининг барқарор ишлаши учун масъулият билан хизмат қилмоқда. Уларнинг меҳнати ортида миллионлаб инсонларнинг манфаати, юрт тараққиёти ва келажакка ишонч мужассам.
Нигора Раҳмонова, ЎзА