Бугун славянлар дўстлиги ва бирдамлиги куни
Бугун дунё бўйлаб славянлар Дўстлик ва бирдамлик кунини нишонламоқда. Маълумотларга кўра, ер юзида 300-350 миллион славян яшайди.
Поляк, чех, словак, кашубий ва лусат миллатига мансублар ғарбий, болгар, серб, хорват, македон, словен, босния ва черногорияликлар жанубий славян ҳисобланади. Миллати русь, беларусь ва украин бўлганлар эса шарқий славян гуруҳини ташкил этади.
Славянлар Россия, Украина, Беларусь, Польша, Чехия, Хорватия, Словакия, Болгария, Сербия ва Черногория аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилади. Шунингдек, ушбу қавм бутун собиқ иттифоқ бўйлаб ҳамда Венгрия, Греция, Германия, Австрия, Италияда ҳам яшайди.
Аксар славянлар насроний динига эътиқод қўйган, фақат Усмонлилар ҳукмронлиги даврида Европа жанубидаги боснияликлар исломни қабул қилган. Болгар, серб, македон, русь миллатига мансублар ва черногорияликлар православ ҳисобланади. Хорват, словен, поляк, чех, словак ва лусатлар – католик. Украинлар ва беларуслар орасида православ кўп, католик ва униатлар ҳам бор.
XIX аср иккинчи ярмида славян халқлари Россия, Австрия-Венгрия ва Усмонлилар империяси бўйлаб тарқалган эди. Черногорияликлар кичик мустақил давлатда, лусатияликлар эса Германияда яшаган. XX аср охирига келиб замонавий Германияда яшовчи руслар ва лусатияликлардан ташқари барча славян халқлари мустақил давлат сифатида ажралиб чиқди.
Славян халқларининг бирлашуви ғояси узоқ тарихга эга бўлиб, ўзига хос анъана, кўп асрлик маданият, урф-одат ва маросимлар шаклида авлоддан-авлодга ўтиб, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Улар дўстлик ва бирдамлик кунида турли мамлакатларда аждодлар анъанаси ва маданиятини тиклашга қаратилган кўплаб маданий тадбирлар уюштиради. Россия, Беларусь ва Украинада “Славян бирлиги” фестивали илк бор 1969 йил ўтказилган ва йиллар давомида шу уч халқнинг норасмий байрамига айланган. 1975 йил уч мамлакат чегараси туташган жойда “Уч опа-сингил” рамзий номи билан ҳам танилган дўстлик монументи ўрнатилган.
“РИА Новости” ёзишича, 2024 йил “Славянлар бирдамлиги” фестивали 29 июль куни Брянск шаҳрида бўлиб ўтади. Байрам доирасида кўргазмалар ташкил этилади, маърузалар ўқилади. Фильмлар намойиш қилиниб, турли тадбирлар уюштирилади.
С.Раҳимов, ЎзА