Бронза даврига оид янги топилмалар аниқланди
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Жарқўтон ёдгорлигида археологик қазишма ва илмий тадқиқот ишлари давом этмоқда.
Изланишлар давомида қадимги турар жой қолдиқлари, сопол идишлар ва турли хўжалик иншоотлари аниқланди. Жорий йилнинг октябрь ойида бошланган археологик тадқиқотларга Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Комил Раҳимов раҳбарлик қилмоқда. Экспедицияда Термиз давлат университети талабалари ҳамда Италиянинг Саленто университети магистранти Франческа Конджедо ҳам иштирок этмоқда.
Қазишма ишлари давомида ёдгорлик ҳудудидан хом ғиштдан қурилган иншоотлар ҳамда диаметри 70 сантиметрга тенг ўчоқ қолдиқлари топилди. Мазкур топилмалар Жарқўтон босқичига хос қурилиш анъаналари, қадимги турар жойларнинг тузилиши ва улардан фойдаланиш хусусиятларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Қабристоннинг ғарбий қисмида олиб борилган қазишмалар чоғида қабрлардан бирида тўртта бутун сопол идиш аниқланди. Шунингдек, ёдгорликнинг асосий ҳудудидан ташқарида ўтказилган тадқиқотлар натижасида ёш бола қабри, Сополли маданиятининг Жарқўтон босқичига оид хўжалик ўраси ва айлана шаклидаги иккита кул ўраси қайд этилди.

Жарқўтондан аниқланган археологик топилмалар бронза даврига оид бўлиб, улар қадимги аҳолининг турмуш тарзи, хўжалик фаолияти, дафн маросимлари ва ҳудуднинг тарихий тараққиётини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.
Мутахассислар топилмаларни қиёсий ва типологик жиҳатдан таҳлил қилиш орқали Жарқўтоннинг айрим ҳудудлари қандай вазифани бажаргани, уларнинг вақт ўтиши билан қай тарзда ривожлангани ҳақида янги илмий хулосаларга келишни кутмоқда.
Жарқўтон Ўзбекистоннинг қадимги тарихини ўрганишда муҳим археологик ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Бу ерда олиб борилаётган изланишлар Сополли маданияти ва бронза даври аҳолиси ҳаётига оид билимларни бойитишга хизмат қилади.
Айни пайтда ёдгорликда археологик қазишма ва илмий тадқиқот ишлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА