БРИКСнинг янги қиёфаси: кенгайиш, ҳамкорлик ва имкониятлар
Бугун жаҳон сиёсий ва иқтисодий майдонида жиддий ўзгаришлар кечмоқда. Глобал иқтисодиётда янги марказлар шаклланиб, халқаро муносабатларда давлатларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликка бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда. Айниқса, Глобал Жануб мамлакатларининг халқаро кун тартибидаги роли кучайиб, уларнинг иқтисодий ва сиёсий жараёнлардаги таъсири сезиларли даражада ошиб бормоқда.
Ана шундай шароитда БРИКСнинг ўрни ва аҳамиятига қизиқиш тобора кучаймоқда.
12-13 сентябрь кунлари Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳли шаҳрида БРИКСнинг XVIII саммити бўлиб ўтади. Хитой Раиси Си Цзиньпин ҳам Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан мазкур саммитда иштирок этади.
Бу йилги тадбир БРИКС тарихидаги муҳим босқичга тўғри келмоқда. Зеро, 2026 йил ташкилот шаклланганига 20 йил тўлганини англатади. Шу давр мобайнида дастлаб Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитойни бирлаштирган “БРИК” механизми кенгайиб, Жанубий Африканинг қўшилиши билан БРИКСга айланди. Кейинги йилларда эса унинг таркиби янада кенгайди.
Бугун БРИКС 11 та давлатни – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Миср, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Индонезияни бирлаштирган кўп томонлама ҳамкорлик майдонидир. Бундан ташқари, Беларусь, Боливия, Куба, Қозоғистон, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда, Ўзбекистон ва Вьетнам БРИКС ҳамкор давлатлари мақомига эга.
Шу ўринда БРИКСнинг кенгайишини фақат янги давлатларнинг қўшилиши сифатида баҳолаш камлик қилади. Бу жараён халқаро муносабатларда иқтисодий салоҳияти ва аҳолиси салмоғи юқори бўлган давлатларнинг глобал жараёнлардаги иштироки кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Хитой Замонавий халқаро муносабатлар институти директор ўринбосари Лоу Чуньхао таъкидлаганидек, БРИКС мамлакатлари дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олгани унинг халқаро майдондаги вакиллик даражаси юқори эканини кўрсатади. Экспертнинг фикрича, ташкилотнинг кенгайиши ва ривожланиши умумий манфаатлар, тинчлик ва тараққиётга бўлган интилиш, шунингдек, Глобал Жануб мамлакатларининг жамоавий юксалиши билан боғлиқ тарихий жараённинг табиий ифодасидир.
Ҳиндистоннинг расмий маълумотларига кўра, БРИКС давлатлари жаҳон аҳолисининг қарийб ярмини, жаҳон иқтисодиётининг харид қобилияти паритети бўйича салмоқли қисмини ташкил этади. Шу боис бугун БРИКС ҳақида сўз борганда, унинг таъсирини фақат савдо-иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки халқаро иқтисодий бошқарув, технологиялар, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор тараққиёт каби йўналишлардаги салоҳияти билан ҳам баҳолаш зарур.
Хитой Раиси Си Цзиньпин БРИКСнинг имкониятларини таърифлар экан, унинг “улкан ресурслар”, “улкан ишлаб чиқариш базаси” ва “улкан бозор” каби уч муҳим жиҳатига эътибор қаратган эди. Дарҳақиқат, бугунги БРИКС миқёсида мазкур уч омил бир-бирини тўлдириб, ташкилотнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширмоқда.
Бироқ БРИКСни фақат иқтисодий кўрсаткичлар бирлашмаси сифатида қабул қилиш ҳам тўғри эмас. У сиёсий ва дипломатик мулоқот, иқтисодий-молиявий ҳамкорлик, шунингдек, гуманитар ва халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган кенг майдон сифатида шаклланмоқда.

Унинг яна бир муҳим жиҳати очиқлик ва инклюзивликка интилишидир. БРИКСда турли сиёсий тизим ва иқтисодий моделларга эга давлатлар иштирок этади. Улар ўртасида қарашлар ва миллий манфаатлар турлича бўлиши табиий. Шунга қарамай, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун умумий нуқталарни топиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва халқаро мулоқотни ривожлантиришга интилиш мазкур механизмнинг асосий хусусиятларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг БРИКС билан ҳамкорлиги ҳам ана шу нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимиз 2025 йилдан БРИКС ҳамкор давлатларидан бири сифатида ушбу кўп томонлама форматда иштирок этмоқда. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсат тамойилларига ҳамоҳангдир.
Айниқса, БРИКСнинг Янги тараққиёт банки билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга. 2025 йил июнь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф билан учрашиб, ушбу молиявий институт билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган эди.
Демак, Ўзбекистон учун БРИКС доирасидаги ҳамкорлик, аввало, янги инвестиция манбаларини жалб этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, савдо-иқтисодий алоқалар географиясини кенгайтириш ва глобал Жануб мамлакатлари билан амалий шерикликни кучайтириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Бу жараёнда Хитой билан муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Хитой БРИКСнинг асосчи давлатларидан бири бўлиб, унинг ривожланишида фаол иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистон – Хитой муносабатлари эса бугун стратегик шерикликнинг кенг қамровли йўналишларини қамраб олган.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама алоқалар билан чекланиб қолмаяпти. Ўзбекистон ва Хитой халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа кўп томонлама форматларда ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Жорий йил август ойи охирида Президент Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасидаги музокараларда ҳам икки мамлакатнинг БРИКС доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаши ва Глобал Жануб давлатлари билан ҳамкорлик масалалари алоҳида қайд этилди. Томонлар БМТ, ШҲТ ва БРИКС каби кўп томонлама платформаларда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Бу эса Ўзбекистоннинг БРИКС билан алоқаларини яна бир муҳим нуқтаи назардан кўрсатади. Яъни мамлакатимиз мазкур форматда бирор давлатнинг манфаатини эмас, балки миллий тараққиёт мақсадларига мос келадиган кўп томонлама ва амалий ҳамкорлик имкониятларини изламоқда.
Бугун халқаро майдонда иқтисодий барқарорлик, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт-логистика алоқалари, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар каби йўналишлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис БРИКСнинг ҳам кун тартиби аста-секин фақат савдо ва молия масалалари билан чекланмай, кенгроқ стратегик масалаларни қамраб олмоқда.
Ҳиндистоннинг 2026 йилги раислиги ҳам айнан барқарорлик, инновациялар, ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга урғу бермоқда. Мамлакат раислиги доирасида сиёсий ва хавфсизлик, иқтисодий-молиявий, маданий-гуманитар йўналишлар бўйича 350 дан ортиқ тадбир ўтказилгани маълум қилинган.
Энг муҳими, БРИКСнинг кенгайиши жаҳон сиёсий-иқтисодий тизимида янги имкониятлар билан бир қаторда янги масъулиятларни ҳам юзага келтирмоқда. Турли манфаатларга эга давлатларни бир майдонда бирлаштиришнинг ўзи етарли эмас. Бу давлатлар ўртасида аниқ иқтисодий лойиҳалар, инвестициявий ташаббуслар, технологик ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли мулоқотни кучайтириш муҳим.

Шу маънода, 12-13 сентябрь кунлари Янги Деҳлида ўтадиган XVIII БРИКС саммити ташкилотнинг янги босқичдаги устувор вазифаларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлади. Ўзбекистоннинг ҳамкор давлат сифатидаги иштироки эса мамлакатимиз учун ушбу кенг халқаро майдондаги иқтисодий ва дипломатик имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
БРИКСнинг 20 йиллик тараққиёт йўли бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: жаҳон иқтисодиётида янги куч марказлари шаклланмоқда. Уларнинг таъсири эса нафақат иқтисодий салоҳияти, балки ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўя олиши, очиқ мулоқотга тайёрлиги ва глобал тараққиёт жараёнларига қўшаётган ҳиссаси билан белгиланади.
Ўзбекистон учун энг муҳими ана шу ўзгаришлар жараёнида ўз миллий манфаатларига мос янги имкониятларни илғаб, уларни мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган амалий ҳамкорликка айлантиришдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА