Бразилиядаги сайлов нима учун муҳим?
Бразилия сайловга қайтмоқда, воқеалар таъсири бутун дунёда сезилади. Амазонка сайёрамиз саломатлиги учун жуда муҳим бўлгани сабабли, сайлов минтақа келажагини шакллантиришга ёрдам бериши мумкин.
Бразилиядаги президентлик пойгаси каби экологик аҳамиятга эга миллий сайлов кам учрайди. Жараённи мамлакат чегарасидан ташқарида ҳам кузатишмоқда.
Амазонка тропик ўрмонининг энг кўп қисми жойлашган Бразилия ҳаётий муҳим углерод ютувчиси қўриқчиси бўлиб, айни омил мамлакатнинг табиатни муҳофаза қилиш сиёсатини дунё миқёсида долзарблаштирган.
Экологлар аллақачон ўнг қанот вакили, собиқ Президент Жаир Болсонарунинг ўғли Флавио сайловнинг биринчи босқичида амалдаги етакчи Луиз Инасио Лула да Силвадан 2 фоиз олдинга чиққанидан хавотир билдирмоқда.
– Бу иккинчи келиши бўлади, демак янада радикал Болсонару, – деди Бразилия нодавлат нотижорат ташкилотлари тармоғи ҳисобланган “Climate Observatory” халқаро сиёсат координатори Клаудио Анжело. – Гарчи ваҳимачи кўринсам-да, айтишим мумкин, Лула қайта сайланиши биз ва “Amazonka” интиҳоси ўртасида турган ягона омил.
Амазонка тропик ўрмони – табиатнинг кучли ҳимоячиси
Ўнлаб йил давомида тропик ўрмон иқлим ўзгаришига қарши табиатнинг энг кучли ҳимоя воситаларидан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Афсуски, минтақа кенг кўламли ўрмон кесилишидан азият чекмоқда.
Жаир Болсонару президентлиги даврида – 2019-2023 йиллар оралиғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари заифлашди, ҳуқуқий амалиёт таъсири камайди. Натижада тропик ўрмон мисли кўрилмаган суръатда кесилди.
– Табиат кун тартиби эътибордан четда қолди ва ҳукуматнинг умуман ифлосланиш, хусусан ўрмон кесилиши устидан назорати даражаси ўзгарди, – дейди Берлиндаги “Climate Analytics” таҳлил маркази иқлим сиёсати бўйича раҳбари Клаудио Форнер.
Тўрт йил давомида Амазонканинг тахминан 45,586 км2, яъни Дания ҳудудидан каттароқ майдони вайрон бўлди. Ўрмон энди аввалгидек чидамли эмас. Олимлар айрим яшил ҳудудлар ҳозир углеродни ўзлаштиришдан кўра кўпроқ чиқараётганидан огоҳлантирмоқда.
Лула Амазонкани ҳимоя қилиш ғояси билан ҳокимиятга келди. 2030 йилгача ўрмон кесилишини тўхтатишга чақириш баробарида у назоратни ҳам кучайтирди.
Ўрмон она заминнинг тоза ҳавосини асровчи қўрғондир.
А.Маматов, ЎзА