Божхонада янги давр: тадбиркор учун енгиллик, бизнес учун эркинлик
Божхонада инсон омилини камайтириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларига қулай ва шаффоф хизмат кўрсатиш — бугунги иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Зеро, ташқи савдо операциясида сарфланган ҳар бир ортиқча дақиқа, тўлдирилган ҳар бир ортиқча ҳужжат ёки айланма маблағларнинг асоссиз равишда банд қилиниши тадбиркор учун қўшимча харажат ва вақт йўқотишидир. Шу маънода, божхона тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар оддий маъмурий ўзгариш эмас, балки бизнес юритиш маданиятини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар доирасида божхона соҳасини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 27 август куни давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат божхона маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш, замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, тадбиркорлар ва фуқаролар учун маъмурий юкламани камайтиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти божхона бошқармасида ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган янги имкониятларга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди. Унда таъкидланганидек, янги ёндашувнинг бош мақсади — божхонада иш юритишни мураккаблаштириш эмас, аксинча, уни инсон учун содда, бизнес учун қулай, давлат учун самарали тизимга айлантиришдир.

Айниқса, божхона маъмурчилигига сунъий интеллект ва илғор ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши соҳада катта ўзгаришларнинг пойдеворини яратади. Бу орқали инсон омили минималлаштирилиб, қарор қабул қилиш жараёнлари янада аниқ ва шаффоф тус олади.
Яъни, келгусида тадбиркорнинг божхонадаги ортиқча кутишлари, бир ҳужжатдан иккинчи ҳужжатга йўналтирилиши ёки субъектив ёндашувларга дуч келиш эҳтимоли сезиларли даражада камаяди. Рақамлаштириш эса хизматларни тезлаштириб, вақт ва харажатни тежаш имконини беради.
Бу — божхона тизимида “инсондан ҳужжат талаб қилиш”дан “тизимнинг ўзи маълумотни аниқлаш” га ўтиш сари ташланган муҳим қадамдир.
Фармонда назарда тутилган энг муҳим қулайликларнинг бир қисми 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб амалиётга татбиқ этилди. Хусусан, айрим импорт ва экспорт операцияларида тадбиркорларнинг молиявий ресурсларини вақтинча банд қилиб қўювчи аванс тўловлари ҳамда кафолатлар билан боғлиқ айрим талабларнинг бекор қилиниши бизнес учун сезиларли енгиллик яратади.
Бу нимани англатади? Энг аввало, тадбиркор ўз айланма маблағларидан янада эркин фойдаланиш имконига эга бўлади. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашё харид қилиш, янги иш ўринлари яратиш ёки бошқа лойиҳаларга йўналтириш мумкин бўлган маблағларнинг ортиқча маъмурий жараёнларда банд бўлиб қолишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, импорт жараёнида талаб этиладиган айрим ортиқча ҳужжатларнинг қисқартирилиши тадбиркор учун яна бир муҳим қулайликдир.
Бугун бизнес вакиллари учун вақт — шунчаки ресурс эмас, балки иқтисодий қиймат. Бир неча соат ёки бир неча кунлик тежам ҳам айрим ҳолларда шартнома муддати, маҳсулот етказиб бериш тезлиги ва корхонанинг молиявий натижасига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, қоғозбозликнинг қисқариши — оддий техник енгиллик эмас. Бу тадбиркорлик муҳитини яхшилайдиган иқтисодий омилдир.

Фармон билан белгиланган янгиликлар бу билан чекланмайди. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган мезонларга жавоб берадиган ҳалол тадбиркорларга импортда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи — ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш механизми тақдим этилади. Бундан ташқари, экспорт операцияларидаги айрим йиғимлар миқдори 30 фоизга арзонлаштирилади. Бу имтиёзларнинг аҳамиятини рақамлардан кўра, уларнинг бизнесга таъсири орқали англаш осонроқ.
Тадбиркорнинг харажати қанча камайса, унинг рақобатбардошлиги шунча ортади. Экспортчи учун қўшимча молиявий енгиллик эса маҳсулотни ташқи бозорда янада жозибадор нархда таклиф қилиш имконини беради. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчининг ташқи бозорларга чиқиши рағбатланади, экспорт ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади, ишлаб чиқариш занжири кенгаяди ва янги иш ўринлари яратилиши учун замин мустаҳкамланади. Демак, божхонадаги бир қарашда кичикдек туюлган маъмурий енгиллик ортида корхонанинг ривожи, янги инвестиция, янги иш ўрни ва янги экспорт шартномаси туриши мумкин.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — тадбиркорлик субъектларига нисбатан ишончга асосланган ёндашувни кучайтиришдир. Ҳалол ишлайдиган, қонун талабларига риоя қиладиган тадбиркорни ортиқча маъмурий жараёнлар билан банд қилиш ўрнига, унга қулай шароит яратиш — замонавий давлат бошқарувининг муҳим белгисидир.

Бу ерда асосий тамойил аниқ: қонунга риоя қилган тадбиркор қанча кўп бўлса, давлат билан бизнес ўртасидаги ишонч ҳам шунча мустаҳкам бўлади. Шу жиҳатдан фармон нафақат божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш, балки давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Семинарда божхона бошқармаси ходимларига фармонда белгиланган ҳар бир имконият ва қулайликни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш, тадбиркорлар ва фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, у инсон ҳаётини қанчалик енгиллаштиргани билан ўлчанади. Фармоннинг моҳияти ҳам ана шунда. Тадбиркор учун ортиқча ҳужжат камаяди. Айланма маблағлар эркинлашади. Божхона жараёнлари тезлашади. Экспорт қилиш арзонлашади. Рақамли технологиялар инсон омилини қисқартиради. Энг муҳими, давлат ва бизнес ўртасидаги ишонч янада мустаҳкамланади.
Буларнинг барчаси бир мақсадга — Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиш, ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири