Божхона тизимида очиқлик ва мулоқотнинг янги босқичи
Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов журналистлар ва блогерлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Ҳарбий оркестр садолари остида бошланган тадбир нафақат расмий учрашув, балки давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичини намоён этди.
Тадбирда Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий божхона бошқармаларидаги журналистлар мулоқотга видеоконференция орқали қўшилди.

Мулоқот давомида божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ахборот сиёсатидаги ўзгаришлар ва жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Божхона қўмитасида ахборот сиёсати тубдан янгиланиб, очиқлик ва шаффофлик устувор тамойилга айланди. Матбуот хизмати фақат хабар тарқатувчи бўлинма эмас, балки жамоатчилик билан самарали мулоқотни таъминловчи муҳим стратегик институт сифатида шаклланмоқда.

Бунинг амалий натижалари ҳам сезилмоқда. Агар 2022 йилда 16 мингга яқин ахборот материали эълон қилинган бўлса, 2025 йил якунига келиб бу кўрсаткич 21 мингдан ошди. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида эса 10 мингдан ортиқ ахборот материаллари тайёрланиб, кенг жамоатчиликка етказилди. Қўмитанинг ижтимоий тармоқлардаги аудиторияси қарийб 200 минг нафарга етгани ҳам аҳолининг тизим фаолиятига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
Мулоқотнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, унда фақат ютуқлар ҳақида эмас, балки соҳада мавжуд айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам очиқ гапирилди. Бу эса давлат органлари фаолиятида танқидий таҳлил ва шаффофлик тамойиллари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Тадбир якунида божхона соҳасини оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда фаоллик кўрсатган 60 нафардан ортиқ журналист ва блогер тақдирланди. Шундан сўнг иштирокчилар Марказий божхона лабораторияси ҳамда Миллий кинология маркази фаолияти билан танишиб, хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали чиқишларни кузатишди.

Шубҳасиз, мазкур очиқ мулоқот нафақат божхона тизими фаолиятини кенг жамоатчиликка яқинлаштирди, балки давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА