Божхона — тараққиётга кўмакчи
Бугун дунё бозорида рақобат тобора кучайиб, ҳар бир маҳсулотнинг халқаро майдондаги ўрни унинг сифати, нархи билан бир қаторда, тадбиркор учун яратилган шарт-шароитларга ҳам боғлиқ бўлиб бормоқда. Айниқса, экспорт-импорт жараёнларида ортиқча вақт сарфи, мураккаб тартиб-таомиллар ёки тушунмовчиликлар корхонанинг рақобатбардошлигига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу маънода мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштириш ва бизнес учун қулай муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам тадбиркорни назорат қилиш эмас, балки уни қўллаб-қувватлаш, қонуний фаолият юритаётган ишбилармонга ишонч билдириш, экспортчи корхоналар учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган. Бу ёндашув божхона тизимида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Бугун божхона органлари шунчаки товар ва юкларни назорат қилувчи идора эмас. У тадбиркорнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги энг яқин ҳамкори, зарур пайтда маслаҳатчиси ва муаммони ҳал этишда амалий кўмакчисига айланиб бормоқда.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита жойига бориб ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш мақсадида мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ғмждувон туманида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ўтказилган навбатдаги мулоқот ҳам ана шундай очиқлик ва амалий ёндашув руҳида кечди.


Унда бошқарма бошлиғи Б. Муратов тадбиркорларнинг божхона соҳасига оид мурожаат, таклиф ва шикоятларини бевосита тинглади. Эътиборлиси, учрашувда муаммоларни фақат эшитиш билан чекланиб қолинмади, балки уларнинг сабабларини тушунтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва қонуний асосда аниқ ечимларга йўл кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу эса “тадбиркор — давлат идораси” муносабатларида янги ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. Яъни, тадбиркор муаммоси билан идорама-идора сарсон бўлиб юрмайди. Масала масъуллар билан бир стол атрофида муҳокама қилиниб, имкони борича жойида ҳал этилади.
Мулоқот давомида “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ вакили экспорт режимида расмийлаштирилаётган юкларнинг “Хавфни бошқариш тизими” орқали “сариқ” ёки “қизил” йўлакка йўналтирилиши натижасида расмийлаштирув жараёни маълум вақт олаётганини билдирди. Бу масала тадбиркор учун табиий равишда муҳим. Чунки экспортда ҳар бир соат, ҳар бир куннинг ўзи иқтисодий самарадорлик билан чамбарчас боғлиқ.
Мутахассислар эса тизимнинг моҳиятини атрофлича тушунтириб берди. Хусусан, “Хавфни бошқариш тизими” тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, унда инсон омилининг аралашуви назарда тутилмагани қайд этилди. Энг муҳими, тадбиркорга муаммонинг сабаби тушунтирилибгина қолмай, уни бартараф этишнинг истиқболли йўл ҳам кўрсатилди. Корхонага Ваколатли иқтисодий оператор (ВИО) мақомини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Бу оддий маслаҳат эмас. Бу — тадбиркорнинг келгуси фаолиятини енгиллаштириши, ташқи иқтисодий операцияларни тезлаштириши ва экспортдаги рақобатбардошлигини ошириши мумкин бўлган муҳим имкониятдир.
Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги Фармони билан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ҳалол тадбиркорларни рағбатлантиришга қаратилган қатор муҳим имтиёз ва енгилликлар белгиланди. Мазкур ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — қонунга риоя қилиб, ташқи иқтисодий фаолиятни шаффоф амалга ошираётган корхоналарга ишонч асосида ёндашувни кучайтиришдир.


Ушбу мақомга эга бўлган корхоналар учун божхона расмийлаштирувининг устувор ва тезкор тартиби, товарларни кўздан кечиришнинг минимал даражага туширилиши, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш каби қатор имкониятлар яратилади. Бошқача айтганда, давлат тадбиркорга: Сиз қонунга риоя қилинг, биз эса сизнинг ишингиз ривожига керакли шароитни яратамиз деган тамойилни амалда намоён этмоқда.
Ғиждувондаги очиқ мулоқотда бу имкониятларнинг ҳаётий самарасига мисол бўла оладиган яна бир муҳим корхона фаолиятига эътибор қаратилди.
ПВХ мармар панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ғиждувон машҳурaси” МЧЖ томонидан 2025 йил ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида умумий қиймати 2,1 миллион АҚШ доллари бўлган 2300 тонна хомашё “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига расмийлаштирилган. Бу хомашё қайта ишланиб, 900 минг АҚШ доллари қийматидаги 900 тонна тайёр ПВХ мармар панеллари экспортга йўналтирилган.
Хомашёни импорт қилиш, уни қайта ишлаш, янги маҳсулот яратиш ва ташқи бозорга чиқариш — бу бир вақтнинг ўзида иш ўринлари, қўшилган қиймат, валюта тушуми ва ҳудуд экспорт салоҳияти деганидир. Энг аҳамиятлиси, мазкур корхона ҳам ВИО мақомини олиш учун ариза топширган. Демак, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ташқи бозорларга чиқиш географиясини кенгайтириш ва экспорт жараёнларини янада тезлаштириш учун янги босқичга қадам қўйилмоқда. Бугун тадбиркор учун энг катта рағбат — фақат имтиёз эмас, балки унинг фаолиятига ишонч билдирилишидир. Чунки ишбилармон ўзини давлатнинг шунчаки назорат объекти эмас, балки мамлакат иқтисодий тараққиётининг бевосита иштирокчиси сифатида ҳис қилса, унинг ташаббуси, масъулияти ва инвестиция қилишга бўлган ишончи ҳам ортади.


Бухорода ташкил этилаётган бундай очиқ мулоқотлар ана шу ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Тадбиркорнинг саволига жойида жавоб бериш, муаммонинг моҳиятини тушунтириш, қонун доирасида аниқ йўл кўрсатиш — ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг энг самарали механизмларидан биридир.
Бугун Ғиждувондаги бир тадбиркорнинг муаммоси тингланди. Бир корхонага ВИО мақомининг афзалликлари тушунтирилди. Яна бир ишлаб чиқарувчига янги имкониятлар кўрсатилди.
Аммо бунинг ортида катта мақсад — Бухоронинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, маҳаллий маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш ва тадбиркорлик муҳитини янги босқичга кўтариш мақсади мужассам.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири