Божхона масъуллари – тадбиркорлар ҳузурида
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходимлари Хоразм вилоятида бўлиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашишди.
Унда ваколатли иқтисодий оператор мақоми, уни олиш талаблари, афзалликлари ҳамда соҳадаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 августдаги тегишли қарори билан “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрири тасдиқлангани алоҳида таъкидланди.
Мазкур ҳужжат билан ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини янада такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда уларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган янги имкониятлар белгиланди.

Мулоқот давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган масалалар, уларнинг ечимлари ҳамда тадбиркорлар учун мавжуд имкониятлар муҳокама этилди.
– Учрашув давомида бир қатор тадбиркорлар ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлишга қизиқиш билдирди, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Лайло Ғаниева. – Жумладан, "NEW BEST STYLE", "JAYXUN INVEST", "KHIVA CLUSTER", "SILKWAYTEX" ҳамда "QO'SHKO'PIR-PARRANDA" каби масъулияти чекланган жамиятлар томонидан ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш учун аризалар тақдим этилди. Айни пайтда мазкур аризалар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Учрашувдан сўнг масъул ходимлар “GLASS PRO” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Мулоқотларда мавжуд имкониятлар, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда ваколатли иқтисодий оператор мақомининг амалий аҳамияти ва афзалликлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири