Боёвутда ғишт заводи ишга тушди
“BIG BRIDGE” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона хитойлик инвесторлар билан Боёвут тумани ҳудудида қиймати 13 миллион АҚШ долларига тенг бўлган оловга чидамли пишиқ ғишт ҳамда маданийлашмаган қамиш ўсимлигидан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширишни мақсад қилган эди.
Бунинг учун Боёвут тумани ҳокими 26,7 гектар ер майдони ажратиб берди ва лойиҳа доирасида оловга чидамли пишиқ ғишт ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиш ишлари бошланиб, ғиштни тоблаш учун мўлжалланган печь қуриб битказилди.
Коронавирус туфайли эълон қилинган пандемия оқибатида жорий этилган чекловлар инвесторларнинг мазкур лойиҳани ўз муддатида амалга оширишлари учун ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Пандемия чекловларининг юмшаши билан эса ўзаро ҳамкорлик яна тикланиб, инвесторлар лойиҳани давом эттирди. Ниҳоят корхона печи ишга туширилиб, Боёвутда иккинчи пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи завод иш фаолиятини бошлади.
Йилига 10 миллион дона пишган ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга корхона иш фаолиятини бошлаши билан 25 та янги иш ўрни яратилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА