Ботаника боғи барпо этилади
1961 йилдан буён ҳар йили Наманган шаҳрида анънавий равишда ўтказиб келинаётган гуллар байрами бугунги кунда хадқаро миқёсга чиқиб, етти иқлимни ўзига ром этмоқда. Жорий йилда ўтказилган юбилей – 65-фестивални кўриш учун 1 миллиондан ортиқ махаллий ва хорижий туристлар юртимизга келишгани бунинг ёрқин исботидир.
Мамлакатимизга ташриф буюрган Туркиянинг «Brocenna» ва «Göktan» компаниялари директори Танриверди Белгин, компаниялар таъсисчилари Эраслан Нежат ва Байиндир Исмаил Хакки гулчилик соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Наманган вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган конструктив руҳдаги мулоқотда гулчилик соҳасини ривожлантириш, гулларнинг янги навларини етказиб бериш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон” боғи ҳудудида ҳамкорликда ботаника боғи барпо этиш таклифи илгари сурилди. Мазкур ташаббус меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Эътиборлиси шундаки, Ботаника боғини ташкил этиш орқали турли хилдаги гуллар ва манзарали ўсимликлар коллекциясини яратиш, гулчилик соҳасида халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада ошириш назарда тутилмоқда.
Меҳмонлар ташриф давомида вилоятдаги гулчилик ривожланган ҳудудларда бўлиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири