“Бўстон кластер”да иш қизғин
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Бўстон кластер” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери йўналишида фаолият юритиб, пахтани етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашгача бўлган жараёнларни қамраб олган.
Кластер таркибидаги пахта тозалаш заводи йилига 32 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаш қувватига эга.
Жорий йилда кластер томонидан тумандаги 88 та фермер хўжалиги билан пахта хомашёси ва уруғлик чигит етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари имзоланди. Айни пайтда пахта майдонларида ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Териб олинган пахта пешма-пеш қабул пунктларига етказиб берилмоқда.
[gallery-31824]
Мавсумий йиғим-терим ишларида жами 19 та замонавий, юқори унумли пахта териш машинаси иштирок этмоқда.
Кластер тизимида “Бўстон Мега текстиль” МЧЖ ва “Бўстон Оптимал текстиль” МЧЖ каби йирик саноат корхоналари ҳам фаолият юритади. Уларда замонавий технологиялар асосида пахта толасини қайта ишлаш орқали йилига 8 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр мато, 500 тонна бўялган трикотаж мато ҳамда 2 минг 500 тонна сочиқ ишлаб чиқарилмоқда.
Мазкур корхоналарда пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳудудда саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшимча қиймат занжирини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео) ЎзА