“Бош урар минг оҳ ила юз минг дариғ...”
Халқ онги, тафаккурининг маҳсули саналган иборалар тилда ифода мазмунини ошириб, бадиийликни кучайтиради. Улар нутқнинг жозибали бўлиши билан бирга, мазмундор ва таъсирчан бўлишини таъминлайди. Ижодкор улардан ўринли фойдаланиш орқали нутқнинг гўзал ва мазмунли бўлишига эришади. Бу эса ўз навбатида, тилнинг ноёб унсурлари ҳисобланган ибораларнинг нутқда фаоллашуви, сақланиб қолишига ёрдам беради.

Тарихда қайси даврга назар солманг шоиру ёзувчилар, тарихнавислар ва ойдинларнинг сўз, жонли тилга қизиқиши, қадимий халқ оғзаки ижодига бўлган ҳурмат-эҳтироми кўзга ташланади. Бу уларнинг бадиий, тарихий меросида акс этган. Ҳазрат Навоий ижодида халқ тилининг жон томири бўлган паремалар, хусусан, фраземалар мутафаккир назми ва насрининг безаги саналади. Иборалар адиб асарларидаги образлилик, воқеликни гўзал ва таъсирчан ифодалаш, фикрнинг теранлиги ҳамда бўёқдорлигини таъминлаш учун хизмат қилган. Жумладан, аллома асарларида бош компоненти билан боғлиқ бир нечта ибораларни учратиш мумкин. “Маҳбуб ул-қулуб” пандномасида бош яланг фраземаси “беҳаё, яланғоч, бепарда”, бошини елга бер-, боши бор- (боши бормоқ) иборалари “бошидан ажралмоқ” семемасида учрайди: ...сўзлари бош яланг юзга чопмоқ; ...сўз борким, айтучи бошини елга берур.
Шеърият мулкининг соҳибқирони “Хазойинул маоний”да бош еткур- (бормоқ), бошига иш туш- (ташвиш тушмоқ), бошга кел- (олдига келмоқ, ҳозир бўлмоқ), бош олиб чиқ- (бутунлай чиқиб кетмоқ), бошига тегирмон тоши айландур- (қийнамоқ, азобламоқ), бош эврул- (бош айланмоқ), бош элт- (бош кесмоқ), бош қашиб кеч- (афсусланмоқ), юз эвур- (юз ўгирмоқ), даст бер- (қўл келмоқ), йўл тут- (йўлга тушмоқ, юра бошламоқ) сингари турғун бирикмалардан унумли фойдаланган. Кези келганда қайд этиш жоизки, “Чор девон”да бошига дуд сол-, бошидин дуд чиқар- иборалари синоним тарзда “ғам келтирмоқ” маъносида келган бўлса, бош чиқар- (кўрунмоқ; ҳар нарсанинг учини топмоқ), бош чек- (бўйин товламоқ; униб чиқмоқ) фразема- лари полисемантик хусусият касб этган:
Шуълаи ораз ила муғбачалар,
Дайр аро дуд бошимдин чиқариб.
Вафодин чекса бош ул сарви маҳваш,
Ажаб эрмасдур ўлмоқ сарв саркаш;
Даҳр бўстонида бош чеккан ниҳол атрофида,
Шох эмас, новак дегил, яфроғ эмас, пайкон эрур.
Бош чек- ибораси “Фарҳод ва Ширин” достонида “юксалмоқ”, “саркашлик қилмоқ” маъноларида воқеланган:
Чекиб бош ул жазира ичра тоғе,
Бу тоғ узра ети-саккиз булоғе;
Назар қилким не амру наҳй этар ҳақ,
Ҳақ амру наҳйидин бош чекма мутлақ.
Бошдин аёқ фраземаси “Лисонут-тайр” достонида “бошдин охиригача” тушунчасини ифодалаган:
Куфр эли хилъатларин еткурдилар,
Шайхқа бошдин аёқ кийдурдилар. Ушбу бирикма “Хазойинул маоний”да “бутун бадани” семемасини англатган:
Талабингда югуруб пайки назар,
Ончаким боштин аёғи қабориб.
Шунингдек, “Лисонут-тайр” достонида бош олиб кет- (бутунлай чиқиб кетмоқ), гардунга бош торт- (кўкка етмоқ, осмонга туташмоқ), бошидин чиқ- (эсидан чиқмоқ), бош қўй- (қуламоқ, йиқилмоқ), қўл сун- (қўл узатмоқ, киришмоқ) иборалари моносемантик ҳисобланса, бош ур- фраземасида “ялинмоқ, афсусланмоқ”, “эсламоқ, хотирга келтирмоқ” семемалари орқали фразеологик полисемия кўзга ташланади:
Ҳар нафас етмас киши бошиға тиғ,
Бош урар минг оҳ ила юз минг дариғ.
Балх онинг чиқмайдур эрмиш ёдидин,
Ким бош урди хотири ношодидин.
Ушбу бирикма “Мажолисун нафоис” асарида “ҳаракат қилмоқ” тушунчасини ифодалаш учун хизмат қилган: Мавлоно Ҳожи Муҳаммад... баъзи маҳал бирор назм дағи андин бош урар . Айни пайтда, тазкирада “бўйин товламоқ”, “тобе бўлмоқ” маънолари бош торт-, бош ерга қўй- фразеологизмлари орқали очиб берилган: Шайх Озарий... Гулбарга подшоҳи ўз расмлари бирла бош ерга қўймоқ таклифи ҳам кўргузди.
“Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да изоҳланишича, “Фарҳод ва Ширин” достонида бошиға бор- (ҳузурига бормоқ), бошин гардунға еткур- (хурсанд бўлмоқ), бошин ирғат- (маъқулламоқ), бошдин кеч- (авф этмоқ), бош тўлға- (бош тортмоқ), бош ўғурла- (яширинмоқ), бош нигун айла- (бош эгмоқ) каби иборалар кузатилади:
Ани элтурда нақди жон масаллик,
Нигун айлар бошин чавгон масаллик.
Шу ўринда айтиш керакки, Алишер Навоий бош идур- барқарор бирикмасини бош нигун айла- иборасига маънодош сифатида келтириб ўтган: Ул солорға адаб ва тавозуъ била бош идурди.
Мутафаккир ижодида бўйун уз- (бошини танасидан жудо қилмоқ), бўйун ур- (бўйнини кесмоқ), бўйун тўлға- (итоатсизлик қилмоқ), бўйун қаши- (қийин аҳволга тушмоқ), гўш айла- (эшитмоқ), нўш айла- (ичмоқ), қонин тила- (ўч олмоқ), қон ют- (ғам емоқ), қон қил- (жонлантирмоқ), қон тўк- (ўлдирмоқ), қадам ол- (юрмоқ), қадам ур- (йўлланмоқ), қадам қўй- каби иборлар ўз аксини топган. Биргина қадам қўй- фраземаси адиб асарларида бешта маънода келади:
1) “бориб етмоқ”: Йўл борурлар эди туну кун ҳам,
Қўйғуча Ҳинд кишвариға қадам;
2) “эргашмоқ”: Кўрмагайсен йўл аро ранжу надам,
Ҳар қадами ўрниға қўйсанг қадам;
3) “қасд қилмоқ”: Вагар қатл учун келмишанг қошима,
Кесай деб қадам қўймишанг бошима;
4) “отланмоқ, тайёргарлик қилмоқ”: Йигит бўлғандин сўнграким, саёҳатга қадам қўюбтурлар;
5) “бирор ишга киришмоқ”: У Лойхўр танбиҳи била ғафлат мастлиғидин айилди ва қадам йўлға қўйуб, сулукка машғул бўлди.
Бу турғун бирикма ҳозирги ўзбек адабий тилида уч маънода, яъни “қадам босмоқ, бориб етмоқ”; “журъат қилмоқ, киришмоқ, бошламоқ”; “бирор ёшга тўлиб, кейингисига ўтмоқ” семемаларида учрайди. Кўринадики, бугунги кунда текширилаётган иборанинг икки маъноси сақланиб, қолган семалари ўрнини учинчи бир, янги маъно (“бирор ёшга тўлиб, кейингисига ўтмоқ”) эгаллаган. Қадам ол- (иш-фаолиятда, ҳаётда ўзини тутиш, бундаги ўзига хос хатти-ҳаракат, ҳолат, қон тўк- қурбон бериладиган уруш, жанг қилмоқ; шу йўл билан киши(лар)ни қурбон қилмоқ, қон қил- (жуда диққатни оширмоқ; хуноб қилмоқ) фраземалари семантикасида ўзгариш юз берган.
“Маҳбуб ул-қулуб” асарида ур- феъли от сўз туркумига оид лексемалар билан бирикиб, қуйидаги турғун бирикмаларни ҳосил қилган: “тавсифламоқ”: ...калом сурубтурлар они бўз кийизга ўхшата масал урубтурлар; “сўзлаш учун йўл қўймаслик, сўзлатмай қўймоқ”: Манъ ва наҳй туфроғин оғзиға урмоқ авло...; “айбламоқ”: Аторидға таън урмоқдур сўзининг ранги; “эшиттирмоқ, қулоғига қуймоқ”: Пири роҳ ва солики огоҳ мундоқ дуррдек такаллумким сурди, бу гавҳарларни анинг қулоғиға урди; “қалам урмоқ, ёзмоқ” ...варақ юзига маорифнигор хома урубтур; “киришмоқ машғул бўлмоқ”: Ўз муборак илики била экин суворурға бел урар эрди; “қўл урмоқ, эргашмоқ”: Бас ўзни яхшилар орасида яшурғон ва алар этагига илик урғон яхшироқдур. Қайд этилган илик ур- ибораси илк бор Юсуф Ҳос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонида “ҳаракат қилмоқ” маъносида тилга олинган: Сав алтун била тартса беглари илиг. Маълум бўладики, фразема семантикасида ўзгариш содир бўлган.
“Садди Искандарий” достонида ерга юз қўй- (таъзим қилмоқ), ер узор бўл- (гулламоқ, яшнамоқ), илик оч- (қўл узатмоқ), илик қўй- (имзоламоқ, муҳр босмоқ), кўзни равшан эт- (хабардор қилмоқ), кўнгли баҳр ол- (хурсанд бўлмоқ), юзларига ажал ниқоб чек- (йўқотмоқ) барқарор бирикмалари зикр қилинган:
Магар бир кун овдин олиб кўнгли баҳр,
Тараб бирла айлаб эди азми шаҳр;
Бурун айтқанлар дағи бу китоб,
Ки чекмиш ажал юзларига ниқоб.
Ҳазрат Навоий “Насойимул-муҳаббат” асарида жаҳондин бор- (вафот этмоқ), илик эт- (таъсир қилмоқ), илик торт- (чекинмоқ, воз кечмоқ), иликдин бер- (тарк этмоқ), кўзга кир- (эътиборни тортмоқ), кўз туш- (қарамоқ), кўнгулга кел- (хаёлга келтирмоқ), кўнглига кеч- (хаёлидан ўтмоқ), кўнглини ол- (ҳурмати, муҳаббатини қозонмоқ), кўнгил қолиш қил- (ўпкаламоқ), кўнглига ўт- (ўйламоқ), оғиз ур- (оғиз қимирлатмоқ) каби фразеологизмларга бот-бот мурожаат қилган: Кўнглига ўттики, анинг рўзгорин зоеъ қилдим;
Улуғлар не берса, емасман дема,
Илик сун, оғиз ур, емасанг ема.
Алишер Навоий «Муншаот» асарини ёзишда жонли халқ тили, ўз даври кундалик турмушида фаол қўлланган сўзлашув нутқидан самарали фойдаланган. Асар лексикасига эътибор берилса, Навоий имконият борича, туркий (ўзбек) лексиканинг халқ орасида сўзлашув нутқига хос кўриниш- ларини кўпроқ ишлатишга ҳаракат қилган, мактубот услубининг ўзига хос намуналарини яратган. Ҳар бир мактубнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти, фикр-мулоҳаза нимадан иборатлигига қараб, тил унсурлари, хусусан, фраземалардан истифода қилингани ўзини оқлайди. Масалан, боши кўкка ет- (мамнун бўлмоқ), кўз уйи (кайфият, ҳасад), кўзини ёрут- (баҳра бермоқ), кўздин йироқ туш- (узоқлашмоқ), кўнгулга кир- (кўнгилга келмоқ), кўнгулга ол- (ўзига қабул қилмоқ) каби иборалар асарда шоир биографиясига оид маълумотлар, бадиий ижодга доир қайдлар, ахлоқий қарашларга алоқадор фикрларнинг бўёқдорлиги, таъсирчан- лигини оширган: ...кўнгулларин ҳидоят зилоли оритғанлар олам меҳрини зарраи кўнгулга олмайдурлар.
“Ҳайратул-аброр” достонида елга бер- (совурмоқ), жони ҳирмон чек- (азоб-машаққат чекмоқ), кўз сол- (эътибор бермоқ), кўзга тўтиё бўл- (дардга даъво бўлмоқ), кўнглини ол- (хурсанд қилмоқ), оламға сийм соч- (тириклик вақтда яхшилик қилмоқ), юзи суйи соч- (эътибор кўрсатмоқ), юз ур- (интилмоқ), юз қаро бўл- (уятга қолмоқ) турғун бирикмалари қўлланишда бўлган:
Зоҳир ўлиб ўзига бегонавор,
Юз урубон ҳар сори девонавор;
Улки келур сотмағин айлар шиор,
Юз қаро бўлмоғдин анга қайда ор.
Алишер Навоий асарларидаги сўз бирикмаси ва гапга тенг келадиган фраземаларни ҳозирги адабий тилдаги иборалар билан қиёсий ўрганиш қуйидаги хулосалар чиқариш имконини беради:
1) айни шакл ва маънода қўлланадиган фраземалар: бош олиб кет-, бош олиб чиқ-, бошдин аёқ, бош ур-, бош торт-, қадам ол-, қадам қўй-, кўнгулга ол- каби;
2) баъзи фраземаларнинг компоненти ўзгарган: қўл сун= – қўл узатмоқ, бош идур= – бош эгмоқ, елга бер= – елга совурмоқ, юз эвур= – юз ўгирмоқ, даст бер= – қўл бермоқ, бош эврул- – бош айланмоқ, илик торт – қўл тортмоқ, илик қўй- – қўл қўймоқ, хома ур- – қалам урмоқ сингари;
3) айрим иборалар янги маъно касб этган: қон қил- (жонлантирмоқ) – жуда диққатни оширмоқ; хуноб қилмоқ, қон тўк- (ўлдирмоқ) – қурбон бериладиган уруш, жанг қилмоқ; шу йўл билан киши(лар)ни қурбон қилмоқ, қадам ол- (юрмоқ) – иш-фаолиятда, ҳаётда ўзини тутиш, бундаги ўзига хос хатти-ҳаракат, ҳолат; йўл тут- (йўлга тушмоқ, юра бошламоқ) – иш-фаолиятда муайян бир йўлни танламоқ, шу йўлдан бормоқ;
4) бир неча фраземалар бугунги кунда архаиклашган: оламға сийм соч- (тириклик вақтда яхшилик қилмоқ); жони ҳирмон чек- (азоб-машаққат чекмоқ); ерга юз қўй- (таъзим қилмоқ), ер узор бўл- (гулламоқ, яшнамоқ); масал ур- (мақтамоқ); гўш айла- (эшитмоқ); бош нигун айла- (бош эгмоқ) ва ҳоказо.
Хулоса шуки, Навоий асарларида қайд этилган фраземалар семантикасини ўрганиш жараёнида уларнинг мазмун жиҳати дастлабки (денотатив) маъно, ҳосила маъно ҳамда прагматик семаларни ўз ичига олишига яна бир карра ишонч ҳосил қилинди. Қолаверса, фразеологизмлар мунтазам равишда бойиб борадиган қатлам бўлиб, ўзида халқ ҳамда тилнинг тарихий тараққиёти, миллий-маданий анъана, тажрибасини мужассам этади.
Бахтиёр Абдушукуров,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА