Бўш ўриндиқлар: Нега Европа Парламенти “қизимаяпти”?
Европа Парламентида анчадан бери муҳокама қилинаётган муаммо – ялпи мажлис пайти залнинг ярми бўш қолиши. Ноиблар кўпинча партия йиғилиши, музокара ёки бошқа тадбир сабаб мунозарага келмайди. Натижада муҳим мавзу таҳлилида ҳам саноқли депутат қатнашади. Ушбу ҳолатни ўнглаш мақсадида синов тариқасида янги тартиб жорий этиляпти.
Июнь ойидаги ялпи мажлисдан бошлаб ҳар бир муҳокаманинг бошланиш ва тугаш вақти аниқ белгиланади. Авваллари баҳс режалаштирилганидан кўпроқ вақт давом этиб, кунлик дастур чўзилиб кетар эди. Янги қоидага кўра, душанба куни йиғилиш кеч соат 20:30 да, сешанба ва чоршанба кунлари 19:00 да, пайшанба куни эса 16:00 да якунланиши шарт. Шу тариқа иштирокчилар сони кўпайиши, мунозара сермазмун ўтиши кутилмоқда.
Яна бир ўзгариш: ноибларнинг бошқа расмий учрашувлари ва музокаралари ялпи мажлисдан кейин ўтказилади. Натижада қонун чиқарувчилар асосий муҳокамада қатнашиши таъминланади. Қолаверса, бевосита тегишли фикр билдирилганда депутатлар қисқа жавоб қайтариш имконига ҳам эга бўлади. Энди парламентда машҳур “кўк карта” тизими ҳам фаол қўлланади. Яъни, йиғилиш қатнашчиси мажлис чоғида ҳамкасбига бевосита савол бериши мумкин.

ЕП Европа Комиссияси аъзолари билан мулоқотни ҳам кучайтириш ниятида. Илгари комиссарлар фақат кириш ва якуний нутқ билан чекланарди. Бундан буён иш жараёнида фикр билдириш, саволга жавоб бериш мумкин. Демак, қарор қабул қилиш очиқ, таъсирчан кечади. Раҳбарият фикрича, қисқа ва жонли, интер фаол мунозара парламент фаолиятига қизиқишни оширади.
Мусулмон Зиё, ЎзА