“Бор меҳримиз сенга, болажон!” акцияси Хоразмда
Хоразм вилояти Қон қуйиш марказида “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” хайрия донорлик акциясининг иккинчи куни ҳам юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтмоқда.
Мазкур хайрли тадбирда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари, вилоят Кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали жамоаси ҳамда партия фаоллари, кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этди. Улар инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намунасини кўрсатиб, бемор болажонлар саломатлиги йўлида беғараз равишда қон топширди.
Тадбирда фаол иштирок этган ички ишлар органлари ходими Давронбек Жалолов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида мазкур хайрли ташаббусдан мамнун эканини таъкидлади.
– Бемор болажонларнинг соғлиғини тиклашга оз бўлса-да ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Донорлик – инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қиладиган савобли ва шарафли амал. Бугунги акцияда иштирок этиш орқали муҳтожларга ёрдам бериш ҳар биримиз учун муҳим фуқаролик бурчи эканини яна бир бор ҳис этдим, – деди вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими Давронбек Жалолов. – Таъкидлаш жоизки, бундай акциялар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Донорлик ҳаракати орқали кўплаб беморлар, айниқса, болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти яратилади.
[gallery-29749]
Акция доирасида йиғилган қон таркиби Хоразм вилояти болалар шифохонасининг Гематология бўлимига етказиб берилади. Бу эса оғир касалликлар билан курашаётган болаларнинг соғлиғини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан мазкур акцияда фаол иштирок этган ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларига самимий миннатдорлик изҳор этилди. Уларнинг инсон ҳаётини асраш, айниқса, болалар саломатлиги учун кўрсатаётган фидокорона хизматлари юксак эътирофга лойиқ.
Эзгулик ва саховатни улуғловчи бундай ташаббуслар жамиятимизда меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари