Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш — устувор вазифа
Гулистон шаҳрида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди.
Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан Тиббиёт техникумида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида маъқулланган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Унда Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Сафарбой Тоғаев, Гулистон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Зоҳиджон Казаков ҳамда тиббиёт техникуми жамоаси иштирок этди.

Тадбир давомида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, ота-она ва педагогларнинг масъулияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ота-она, педагоглар, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини талаб этади. Шу боис болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва бундай ҳолатларга ўз вақтида муносабат билдириш муҳим вазифалардан биридир.

Шунингдек, тадбир доирасида «Ўқитувчилар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш» ҳуқуқий акцияси доирасида ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Иштирокчиларга педагогларнинг меҳнат ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва амалдаги ҳуқуқий нормалар юзасидан маълумотлар берилди.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилиб, мутахассислардан тегишли тушунтириш ва тавсиялар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири