Болалар байрамига оз қолди
1 - июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.
1 - июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу кун оддий байрам эмас, балки вояга етмаган фарзандларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид чоралар ҳам назардан ўтказиладиган кундир.
Мазкур сана муносабати билан Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 24-сонли вояга етмаганлар жазони ижро этиш колониясида тадбир бўлиб ўтди.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ташаббуси билан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда болалар байрами билан табрикланиб, улар давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигида эканлиги таъкидланди.

Санитария - гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўтказилган тадбир давомида болаларни сақлашнинг шарт-шароитлари ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ҳолатларига ҳам эътибор берилди.
Бундан асосий мақсад – муассаса тарбияланувчиларини вақтларини самарали ўтказиш, соғлиғини мустаҳкамлаш учун шароит яратишдир.
Ўрганиш натижаларига кўра, уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш учун ўзлари ёқтирган спорт инвентарлари, расм чизиш буюмлари, шахмат ва шашка анжомлари етказиб берилди.