Бокуда йирик фестиваль бўлиб ўтди
Озарбайжон пойтахтида автомобиль мавсумининг энг ҳаяжонли тадбирларидан бири ҳисобланган “Classics & Supercars”фестивали якунланди.
Денгиз бўйи миллий боғида ўтказилган тадбир мамлакат Автомобиль федерацияси томонидан “Nazar” холдинг билан ҳамкорликда ташкил этилди. Очиқ осмон остидаги кўргазма майдони бўйлаб шаҳар аҳолиси, сайёҳлар ва автомобиль ихлосмандларида алоҳида қизиқиш уйғотган анъанавий автомобиллар, замонавий спорт машиналари ва суперкарлар намойиш этилди. Айниқса 1986 йилгача ишлаб чиқарилган ноёб ретро автомобиллар мухлислар эътиборини тортди.

Классик моделлар жаҳон автомобиль саноати тараққиётининг турли босқичлари, муҳандислик ютуқлари ва ўтган аср дизайн хусусиятини ёрқин акс эттирган. Жуда кўп машиналар коллекторлар томонидан пухта таъмирланган ва сақланган бўлиб, фестиваль меҳмонларига тарихнинг ноёб намуналаридан завқланиш имконини берди.
Винтаж автомобиллар билан бир қаторда, фестивалда замонавий технология ва кучли двигатель билан жиҳозланган замонавий спорт автомобиллари ва суперкарлар ҳам намойиш этилди. Ташриф буюрувчилар автомобилсозлик саноати эволюцияси – мумтоз русумлардан тортиб, энг сўнгги авлод юқори технологияли транспорт воситаларигача кузатдилар.
Ташкилотчилар айтишиса, бу йилги фестивалда профессионал коллекторлар ҳам, автомобиль ихлосмандлари ҳам иштирок этиб, ўз машиналарини кенг жамоатчиликка тақдим этди.
Г.Сатторова, ЎзА