Боку форуми: Янги Ўзбекистоннинг барқарор урбанизация ташаббуслари
Бугун бутун дунёда урбанизация жараёнлари жадаллашиб бормоқда. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган экологик, ижтимоий, иқтисодий ва уй-жойга оид муаммоларга самарали ечим топишни тақозо этади. Шу маънода Боку шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форуми долзарб аҳамиятга эга анжуман ҳисобланади.
Форумнинг 13-сессиясида Ўзбекистон Президенти нутқ сўзлаб, юртимизда шаҳарларни барқарор ривожлантириш борасидаги тажрибаларни айтиб ўтди ва бир қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– 17-22 май кунлари Боку шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси бугунги глобал тараққиёт кун тартибида энг долзарб масалалардан бирига айланган урбанизация муаммоларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдонга айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳоли пунктлари бўйича дастури — БМТ-Хабитат шафелигида “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” мавзусига бағишлаб ўтказилаётган мазкур анжуманда уй-жой инқирози, иқлимга чидамли шаҳарлар, инклюзив бошқарув, маҳаллий тажриба ва барқарор шаҳарсозлик ечимлари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум Етакчилар саммитидаги нутқи мамлакатимизда урбанизация масаласи янги босқичга кўтарилганини яққол намоён этди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда”. Бу фикр дунёда уй-жой муаммоси кескинлашиб, иқлим ўзгариши, иқтисодий инқирозлар ва миграция оқимлари шаҳарлар ҳаётига тобора кучли таъсир кўрсатаётган ҳозирги шароитда алоҳида аҳамият касб этади.
Форум кун тартибидаги масалаларнинг долзарблиги рақамларда ҳам яққол кўринади. XXI аср ўрталарига бориб сайёра аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда яшаши кутилмоқда. Шу билан бирга, бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон муносиб уй-жой шароитларидан маҳрум, 1 миллиарддан зиёд аҳоли норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечирмоқда, 300 миллиондан ортиқ инсон эса бошпанага эга эмас.

Бу рақамлар урбанизация ҳар бир давлат учун нафақат шаҳарсозлик, балки ижтимоий адолат, иқтисодий барқарорлик ва инсон қадри масаласи эканини кўрсатади. Чунки уй-жой инсон учун оддий бошпана эмас. У таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат бозори, хавфсизлик, ижтимоий ҳимоя ва муносиб турмуш тарзига кириш нуқтасидир. Агар оила уй-жойга эга бўлса-ю, аммо у ерда мактаб, боғча, тиббиёт муассасаси, жамоат транспорти, ичимлик суви, канализация ва яшил ҳудудлар етарли бўлмаса, уй-жой масаласи ҳал этилгандек кўринса-да, барқарор шаҳар ҳаёти тўлиқ таъминланмайди.
Ўзбекистон учун ҳам бу масала стратегик аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, яқин 15 йил ичида мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизга етиши кутилмоқда. Давлат раҳбари бу жараённи ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ноёб имконият сифатида баҳолади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик соҳасида сезиларли натижаларга эришилди. Президент нутқида қайд этилганидек, охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етган. 2030 йилгача бу кўрсаткични яна 1,5 баробар ошириш режалаштирилмоқда. Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб 2 миллиард доллар маблағ ажратилмоқда.
Боку минбаридан илгари сурилган энг муҳим ғоялардан бири — мутаносиб урбанизация тамойилидир. Президент барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилишини таъкидлаб, ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақирди.
Бу ғоя Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб. Чунки аҳолининг асосий қисми фақат пойтахт ёки йирик шаҳарларга интилиши инфратузилмага босимни кучайтиради, уй-жой нархини оширади, транспорт ва экология муаммоларини кескинлаштиради. Аксинча, кичик ва ўрта шаҳарларда иш ўринлари, хизматлар, таълим, тиббиёт ва қулай уй-жой муҳити яратилса, ички миграция босими юмшайди, ҳудудлар ўртасидаги тафовут қисқаради.
Шу нуқтаи назардан “Янги Ўзбекистон” массивлари мамлакатда мутаносиб урбанизацияни таъминлашга қаратилган амалий механизм сифатида қаралиши мумкин. Президент нутқида ҳозиргача 61 та ана шундай массив бунёд этилгани, 2030 йилга бориб уларнинг сони 100 тага етказилиши қайд этилди. “Янги Ўзбекистон” массивлари фақат кўп қаватли уйлар тўплами эмас, тўлиқ ҳаётий муҳитга айланиши керак. Бундай ҳудудларда мактаб, боғча, поликлиника, жамоат транспорти, ичимлик суви, канализация, электр ва иссиқлик таъминоти, яшил ҳудудлар, болалар ва кексалар учун қулай жамоат маконлари бир бутун тизим сифатида ишлаши лозим.
Боку нутқида илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус — шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятларидан барча давлатлар тенг фойдаланиши учун халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузиш таклифидир.
Бугун транспорт оқимлари, коммунал хизматлар, ҳаво сифати, чиқиндилар, хавфсизлик, энергия сарфи ва фавқулодда вазиятлар ҳақидаги маълумотларни реал вақтда бошқариш шаҳар самарадорлигини белгилайдиган омилга айланмоқда. Ўзбекистон ташаббуси айнан шу жиҳати билан аҳамиятли — у технология, стандарт ва тажриба алмашувини халқаро ҳамкорлик даражасига олиб чиқишни таклиф этмоқда.
Ёшлар ва эҳтиёжманд қатламларни сифатли ҳамда арзон уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам Президент нутқининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Келгуси йил Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар бўйича халқаро форум ўтказиш таклифи бу борада амалий аҳамиятга эга. Чунки уй-жой масаласини фақат давлат бюджети ёки анъанавий ипотека ҳисобидан ҳал этиш қийин. Бунда ижтимоий ипотека, ижара уй-жойлари, давлат-хусусий шериклик, узоқ муддатли молиялаштириш, қурилиш таннархини пасайтириш ва аҳолининг реал даромадларига мос механизмлар зарур.
Барқарор шаҳарнинг яна бир муҳим белгиси — унинг экологик сифати. Президент Шавкат Мирзиёев “яшил шаҳарлар”ни барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартларини қабул қилиш, шунингдек, БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш таклифини илгари сурди.
Бу ташаббус Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Яшил макон” ва “Тоза ҳаво” дастурлари билан мазмунан уйғун. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, “яшил шаҳар” тушунчаси фақат дарахт экиш билан чекланмайди. У энергия тежамкор бинолар, сув тежовчи технологиялар, пиёдалар учун қулай муҳит, жамоат транспорти устуворлиги, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, иссиқлик тўлқинларига мослашув, шаҳар микроиқлимини муҳофаза қилиш каби кўп қиррали чораларни ўз ичига олади. Демак, ҳар бир янги шаҳар ёки массив экологик стандартлар асосида баҳоланиши керак.
Маҳалла институтига берилган эътибор эса Ўзбекистон урбанизация моделининг ўзига хослигини кўрсатади. Президент Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф этди. Бу ташаббус халқаро миқёсда ҳам қизиқарли, чунки маҳалла — аҳоли эҳтиёжини жойида аниқлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва шаҳар муҳитини одамларга яқинлаштиришнинг анъанавий, шу билан бирга замонавийлаштирилиши мумкин бўлган механизми ҳисобланади.
Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан Президент нутқида илгари сурилган ташаббуслар бир-бири билан узвий боғланган. Муносиб уй-жой — камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тенгликни таъминлашга хизмат қилади. Сув, канализация ва коммунал инфратузилма инсон саломатлиги ва санитар хавфсизлик асосидир. Жамоат транспорти, рақамли бошқарув ва замонавий инфратузилма — иқтисодий фаолликни кенгайтиради. “Яшил шаҳарлар” ва иқлимга чидамли қурилиш — экологик хавфларни камайтиради. Халқаро альянслар ва Самарқанд форуми каби ташаббуслар эса барқарор тараққиётга эришишда ҳамкорлик ва инвестицияларнинг аҳамиятини оширади.
Боку форуми ва Президент нутқидан келиб чиқадиган биринчи амалий хулоса шундан иборатки, Ўзбекистонда ҳар бир шаҳар ва туманнинг бош режаси миллий барқарор ривожланиш мақсадлари билан боғланиши керак. Бош режа фақат қурилиш ҳудудларини белгилайдиган техник ҳужжат бўлиб қолмасдан, аҳоли ҳаёти сифатига хизмат қиладиган амалий дастурга айланиши зарур. У транспорт қулайлиги, яшил ҳудудлар, ҳаво сифати, сув ва канализация, чиқиндиларни бошқариш, ижтимоий объектларга етиш имконияти каби мезонларни қамраб олиши лозим.
Иккинчи хулоса — уй-жой сиёсатида сифат ва қулайлик мезонларини кучайтириш зарур. Қанча хонадон қурилгани муҳим, аммо уларнинг энергия самарадорлиги, зилзилабардошлиги, коммунал тармоқларга уланганлиги, мактаб ва боғчага яқинлиги, транспорт билан қамраб олинганлиги ва яшил ҳудудлар билан таъминланганлиги ундан ҳам муҳим.
Учинчи хулоса — тез урбанизация билан боғлиқ хавфларни олдиндан бошқариш лозим. Аҳоли сони ва шаҳарлашув даражаси ўсиши уй-жой нархи, транспорт тирбандлиги, сув ва энергетика тармоқларига юклама, чиқиндилар ҳажми, ҳаво сифати ва ер ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни кучайтириши мумкин. Шунинг учун ҳар бир янги шаҳарсозлик лойиҳаси иқтисодий самара билан бирга экологик ва ижтимоий таъсир нуқтаи назаридан ҳам баҳоланиши шарт.
Тўртинчи хулоса — маҳалла ва фуқаролик жамиятини шаҳарсозлик қарорларига яқинлаштириш зарур. Янги массивлар, реновация, жамоат транспорти йўналишлари, яшил ҳудудлар ва ижтимоий объектлар бўйича қарорлар қабул қилишда аҳоли фикри, маҳалла фаоллари, ёшлар, хотин-қизлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжлари инобатга олиниши керак. Бу шаҳарни қоғозда эмас, амалда қулай қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Боку шаҳридаги Бутунжаҳон урбанизация форуми минбаридан янграган Ўзбекистон ташаббуслари мамлакатимизда урбанизация сиёсати янги мазмун касб этаётганини кўрсатди. Бу босқичда шаҳарлар фақат бинолар ва йўллар мажмуаси эмас, балки инсон қадри, ижтимоий адолат, иқтисодий имконият, экологик хавфсизлик ва жамоатчилик иштироки уйғунлашадиган муҳит сифатида қаралмоқда.
Боку форумининг асосий сабоғи шундаки, келажак шаҳри баланд бинолари ёки кенг йўллари билан эмас, балки одамлар учун яратилган шароит, тоза муҳит, қулай хизматлар, хавфсиз ҳаёт ва тенг имкониятлар билан қадрланади. Ўзбекистон бу жараёнда ўз миллий тажрибаси, амалий лойиҳалари ва халқаро ташаббуслари билан глобал урбанизация кун тартибининг фаол иштирокчисига айланаётганини намоён этмоқда.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА