Боксчиларимиз Осиё ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари учун Осиё ўйинлари олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғини бошланди.
Терма жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев ўқув-машғулот йиғинига кенгайтирилган таркиб жалб этилганини билдириб, ватанимиз шарафини XX ёзги Осиё ўйинларида ҳимоя қиладиган боксчилар рўйхати йиғин якунида эълон қилинишини қайд этди.
Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар давом этадиган машғулотлар давомида спортчиларнинг қитъа ўйинларига тайёргарлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, техник-тактик маҳорат ва жисмоний ҳолатини юқори чўққига олиб чиқиш белгиланган.
Т.Рўзиев,
ЎзА