“Боболар изидан” журналининг тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Боболар изидан” журнали тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева "Боболар изидан" журналининг ушбу лойиҳаси халқимизнинг тарихи, илм-фани ва адабиётини кенг қамровли ўрганиш учун манфаатли бўлишини таъкидлади.
–Айни пайтда кутубхона жамоаси ҳам бу хайрли йўлда журнал ижодкорларига яқиндан кўмак беришга тайёр, – деди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева. – Бу эса ушбу журналларнинг халқаро электрон ресурслар базаларига кириши ва бу орқали шубҳасиз жаҳон олимлари эътиборига тушиши аниқ.

Тадбирда журнал ижодкорлари бобокалонларимиз ҳаёти, Турк хоқонлигининг маънавий-маърифий ҳаётини ўрганишга бағишланган Олтой ва Озарбайжонга қилган экспедициялари давомида тўпланган илмий кузатувлар, таҳлиллар, сафар таассуротлари, мақолалар, шеърлар ва фотоматериаллар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мазкур таассуротлар асосида тайёрланган китоб-альбомлар экспедиция натижалари сифатида кенг жамоатчиликка такдим этилмоқда.
Экспедиция аъзолари Россиянинг Олтой ва Хакасия ҳудудларига, Қозоғистоннинг Чимкент, Тараз, Олмаота, Семей шаҳарларига, Озарбайжоннинг Боку, Шаки, Ағдаш ва Ганжа шаҳарларига бориб, қадимий туркий меросни ўрганиш бўйича илмий ва ижодий изланишлар олиб боришгани ҳақида батафсил гапирди.

Илм аҳли билан илмий ва маданий муассасаларда ўтказилган учрашувлар, тарихий масканларга зиёратлар, халқаро ижодий учрашувлар, мушоиралар ва маданий тадбирлар халқлар ўртасида адабий ва илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хмзмат қилиши таъкидланди.
Маданий дастур доирасида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг “Гўзал наво” ансамбли томонидан қўшиқлар янгради ҳамда шоир ва санъаткорлар ижросида шеърлар ўқилди.
Н.Усмонова, ЎзА