Бизнес-омбудсман ва ОТБ қўшма экспертлик гуруҳини тузиш ташаббуси илгари сурилди
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) Абдуманноп Бўриев Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая билан учрашди.
Канокпан Лао-Арая Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий муҳитни яхшилаш борасидаги ишларни юқори баҳолаб, икки ташкилот мақсадлари муштарак эканини таъкидлади.
Мулоқотда ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналиши муҳокама қилинди. Хусусан, халқаро экспертлар иштирокида ўқув тадбирларини ўтказиш орқали ходимлар салоҳиятини ошириш, ОТБнинг таҳлилий имкониятларидан фойдаланган ҳолда мурожаатларни биргаликда ўрганиш ва қўшма ҳисоботлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий, молиявий ва рақамли саводхонликни ошириш ҳамда менторлик дастурларини йўлга қўйишга эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, бизнес тартиб-таомилларини енгиллаштириш ва норматив талабларни таҳлил қилиш учун Бизнес-омбудсман ва ОТБ мутахассисларидан иборат қўшма экспертлик гуруҳини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА