Битирувчилардан келажак сари дадил қадам
Самарқанд шаҳрида “Келажакка қадам” дастури доирасида олий таълим муассасалари битирувчилари учун “TalabaExpo – 2026” касб кўргазмаси ўтказилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасалари ва уларнинг битирувчилари, иш берувчи 300 га яқин корхона ва ташкилот 2,5 мингдан ортиқ иш ўринлари билан иштирок этди.
Кўргазма очилишида ташкилотчилар сўзга чиқиб, мазкур тадбир ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тўғри касб танлашларига кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг истиқболли ғояларини амалга оширишлари учун зарур имкониятлар яратишга қаратилганини таъкидлади.
[gallery-30216]
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Келажакка қадам” дастури доирасида анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур кўргазма олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ва иш берувчилар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда, – деди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов. – Самарқандда 2025 йилда ўтказилган кўргазма ҳам юқори савияда ташкил этилиб, 18 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этган эди. Бу йили ушбу рақамлар яна ҳам юқори бўлиши кутилмоқда. Умуман, банкимиз томонидан амалга оширилаётган “Келажакка қадам” дастури минглаб талабаларнинг ҳаётида янги даврни бошлаб, уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга катта туртки бермоқда. Мазкур дастур натижасида икки йилдан буён 6 мингдан ортиқ талаба тадбиркорлар сафига қўшилди. Ўтган йили битирувчи талабаларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 400 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, жорий йил бошидан буён ушбу мақсад учун 169 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Бу йил дастур учун йўналтирилган ресурсларимиз ўтган йилгидан анча кўп ва бу яна минглаб битирувчилар учун катта имконият ҳисобланади.
Кўргазмада “Келажакка қадам” дастури имкониятлари, бизнес лойиҳалари тақдимотлари, давлат идоралари ва тижорат банклари иштирокидаги бандлик хизматлари, олий таълим муассасалари тақдимотлари ҳамда битирувчиларнинг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди.
– Бу йил институтимизни 609 нафар талаба битирмоқда ва шу пайтгача уларнинг 300 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди, – дейди Каттақўрғон давлат педагогика институти ўқув ишлари проректори Сирожиддин Элмонов. – 36 нафар битирувчи ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, 8 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. “Ўзмиллийбанк”нинг “Келажакка қадам” дастури бўйича ўтган йил 14 нафар битирувчи талабаларимизга имтиёзли кредит маблағлари ажратилганди. Бу йил, ҳозирча, 9 нафар битирувчимизнинг лойиҳаси маъқулланиб, кредитлар ажратилмоқда.
Тадбир давомида ёшлар иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, бўш иш ўринлари билан танишиш, меҳнат бозори ва бандлик масалалари бўйича мутахассислар маслаҳатларини олиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, йирик корхоналарга саёҳат уюштирилиб, битирувчилар ходимларнинг иш жараёнлари, улар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари