Бирлашиб, буюк тарих яратамиз
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган маърузасида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини давлат хизматчиларига етказиш мақсадида «Бирлашиб, буюк тарих яратамиз» мавзусида «Маърифат карвони» ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими ҳамда Гулистон шаҳар бўлими томонидан ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда давлат хизматчилари иштирок этишди.
Маърифий тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Хайитов очиб берди ва олиб борди.
Унда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, бугунги бунёдкорлик ишлари, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, ватанпарварлик ва фуқаролик масъулиятини ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Гулистон давлат университети профессори, Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони соҳиби Равшанбек Маҳмудов, Адлия бошқармаси бўлим бош маслаҳатчиси Дилноза Умрзоқова, Гулистон давлат университети ўқитувчиси Умурзоқ Алибеков ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Гулистон шаҳар бўлинмаси раҳбари Икром Норбеков мавзу юзасидан маърузалар қилишди.
Маърузаларда давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадрини юксалтириш, жамият тараққиёти, қонун устуворлиги, маънавий-маърифий юксалиш ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги устувор вазифалар ҳақида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, давлат хизматчиларининг жамият ҳаётидаги масъулияти, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатларига масъулият билан ёндашиш, уларга сифатли ва сидқидилдан хизмат кўрсатиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида фаолият юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида маърузалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири