Бирлашган ўзар...
Бугун Марказий Осиёда иқлим ўзгариши билан боғлиқ масала ўта жиддийлиги билан мутахассислар эътиборини тортмоқда. Айниқса, сув муаммоси. Зеро, деҳқончилик, боғдорчилик каби муҳим йўналишларда етиштириладиган ҳосил айнан оби ҳаёт билан боғлиқ. Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида айни мавзулар кенг муҳокама қилинади. Ушбу анжуманларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Экспертлар таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида ва истеъмолда сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланилишини таъминлаш бепоён минтақамиз учун улкан иқисодий имкониятлар эшигини очади.
Умуман, давлатимиз раҳбари деярли барча нуфузли халқаро тадбирлар, олий даражадаги учрашувларда сув хавфсизлиги масаласига устувор аҳамият беради. Хусусан, мамлакатимиз етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари еттинчи Маслаҳат учрашувида мазкур йўналишни стратегик вазифа сифатида белгилаб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурган эди.
Шу билан бирга давлатимиз раҳбари Афғонистонни ҳам Амударё ҳавзасидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамкорликка чорлаб, сув тақсимоти ҳаётий масала экани, айни йўналишдаги муаммоларга ҳамжиҳат ечим топиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Ўтган йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри мезбонлик қилган, соҳага доир ҳамкорлик ва қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган халқаро конференцияда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда сув муаммоларини ҳал этиш йўлини қидираётган етакчи халқаро экспертлар, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт агентлиги ва бошқа қатор донорлар иштирок этган эди.
Амалий мулоқот майдонига айланган ўша йиғилишда асосий эътибор сувни тежамкор ва барқарор бошқариш, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш ва сув сиёсатини ҳар бир мамлакат эҳтиёжини инобатга олган ҳолда янгилаш масалаларига қаратилди. Ўзбекистоннинг янги Сув кодекси тақдим этилгани анжуманнинг асосий воқеаларидан бири бўлди. Қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз сув сиёсатини мутлақ янги босқичга кўтариш йўлидаги муҳим қадамдир.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида Остонада бўлиб ўтадиган навбатдаги анжуманларда ҳам экология, иқлим ўзгариши ва сув масалаларида муҳим келишувларга эришилади, деган умиддамиз.
Абдуғафур Маматов, ЎзА