Бир жумлага боғлиқ жанжал: Маск Германия ОАВга қарши чиқди
Америкалик тадбиркор Илон Маск ва Германиянинг йирик жамоат телеканали ZDF ўртасидаги келишмовчилик мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолияти юзасидан янги муҳокамани бошлаб берди. Гап Белфаст шаҳрида муҳожирларга қарши кўтарилган намойиш ҳақидаги кўрсатувда айтилган бир жумлага тақалади. Эфирда Маскнинг ижтимоий тармоқ орқали чиқиши намойишни рағбатлантиргани ҳақида фикр билдирилган. Тадбиркор бу баёнотни ҳақиқатга зид, деб баҳолаб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилиши зарурлигини маълум қилди.
Орадан кўп ўтмай, ZDF баҳсли жумлани дастурнинг интернетдаги нусхасидан олиб ташлади. Шу билан бирга мазкур ифода ноаниқ талқин қилиниши мумкинлигини тан олди ва томошабинлар учун изоҳ қолдирди. Айни қарор воқеа янада кенг муҳокама қилинишига сабаб бўлди. Зеро, гап оддий техник тузатишда эмас, балки журналист баҳосида эканлиги ҳақида кетмоқда.
Мавзу тез орада сиёсий майдонга ҳам кўчди. Германиядаги ўнг қанот сиёсий кучлар ZDF қарорини Маскнинг ҳақлиги далолати сифатида баҳолади. Айрим журналистлар ва сиёсий шарҳловчилар эса аксинча таъсири кучли шахсларнинг ижтимоий тармоқдаги чиқиши жамоатчилик кайфиятига таъсир кўрсатишини эслатди. Натижада баҳс бир телекўрсатув доирасидан чиқиб, ахборот тарқатиш масъулияти масаласига айланди.
Кузатувчилар фикрича, бу воқеа рақамли платформа ва анъанавий ОАВ ўртасидаги муносабат қандай ўзгараётганини яна бир бор намоён қилди. Бугун биргина пост миллионлаб одамга етиб боради. Шу боис ҳар бир сўз талқини алоҳида аҳамият касб этади. Қолаверса, журналистик материалда қўлланадиган ибора ҳам жиддий эътирозга сабаб бўлиши мумкин. Илон Маск ва ZDF атрофидаги ҳолат айни мураккаб мувозанат нечоғли долзарблигини кўрсатди.
Мусулмон Зиё, ЎзА