Бир рақамга шарҳ: Фарғонада тадбиркорлар камайиб кетдими?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда ҳар минг нафар аҳолига 32 та тадбиркорлик субъекти тўғри келади. Ушбу кўрсаткич Фарғона вилоятида 27 тани ташкил этган.
Аслида тадбиркорлик, саноат ишлаб чиқариш ва ялпи ички маҳсулот ҳажми жиҳатидан мамлакатда Тошкент шаҳридан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган Фарғона вилоятида нега тадбиркорлар сони нисбатан кам?
Биз шундай савол билан Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Юлдашевга мурожаат қилдик.
– Ҳа, бир қарашда статистика маълумотларида шундай. Аммо аслида вазият ўзгача.
Бугун, биринчидан, Фарғона вилоятида 115860 тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. Унинг 44 минги юридик шахс, 71850 нафари якка тартибдаги тадбиркор. Бу рақамлар мамлакатдаги учинчи кўрсатгичдир.
Иккинчидан, тадбиркорлар сони ҳар 1000 нафар аҳолига нисбатланган. Фарғона вилоятида эса 4 миллион 238,6 минг нафар аҳоли бўлиб, у мамлакатда Самарқанд вилоятидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Учинчидан, тадбиркорлик субъектлари ишни кичик бизнес, якка тартибдаги тадбиркорлик, оилавий корхона каби кўринишлардан бошлайди. Фарғона вилоятида ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам бу жараён давом этмоқда. Мамлакатда тадбиркорга яратилган шарт-шароитлар, қулай солиқ ва кредит имтиёзлари, субсидиялар каби қўллов туфайли қисқа муддат ичида турдош кичик бизнес ҳамкорлар бирлашиб, йирик корхоналар ташкил этмоқда, компания ва нуфузли ишлаб чиқарувчига айланяпти. Ҳатто кооперациялар ташкил этилмоқда. Шунинг учун ҳам тадбиркорлик субъектлари сони камроқ кўринар, аммо менимча, бу ерда улар ишлаб чиқараётган маҳсулот ҳажмига қараб баҳо бериш лозим. Агар 2025 йилда вилоятда 111 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 77 фоизи кичик бизнес, яъни тадбиркор улушига тўғри келган.
Фарғона вилоятида 2025 йилда 1284 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 3,7 миллиард доллар, шундан 2,5 миллиард доллар хорижий сармоялар ўзлаштирилди.
2025 йилда 1,1 миллиард долларлик, шундан 402 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги, 695 миллион долларлик саноат маҳсулотлари экспортга чиқарилди.
2026 йилда эса 1424 та лойиҳани ишга тушириб, 4,2 миллиард доллар сармоя ўзлаштирилади. Шундан 3,1 миллиард долларлик хорижий ва 1,1 миллиард долларлик маҳаллий инвестиция жалб этилади. Экспорт ҳажми эса 1,6 миллиард долларга етказилади.
Бу рақамлар Фарғона вилоятида тадбиркорлик тез суръатлар билан ривожланиб бораётганини кўрсатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири