Бир гуруҳ марҳум ижодкорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, маданият, санъат ва адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Эътироф этиш лозимки, бу ижодкорлар ўзининг ёрқин истеъдоди ва сермаҳсул ижодий фаолияти билан эл-юрт меҳрини қозонган, халқимиз маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган.

Уларнинг бой маънавий мероси бугунги кунда ҳам жамиятимизда эзгулик ва меҳр-оқибат, ватанпарварлик ва бағрикенглик каби юксак қадриятларни қарор топтиришда, ёш авлодни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва халққа садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов марҳум ижодкорларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзоларига давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.

Учрашувлар давомида марҳум ижодкорларнинг оила аъзоларига давлат раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг хизматларига берилган юксак баҳо экани қайд этилди.

Шунингдек, бундай эътироф юртимизда инсон қадрини улуғлаш, миллат фидойилари хотирасига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг маънавий меросини тарғиб этишга қаратилган эътиборнинг намунаси экани таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА