Бир аср аввал Германияга юборилган ўзбек талаба ёшлари ҳақида янги ҳужжатлар топилди
Тарихни ўрганишда архивлар оддий ҳужжатлар сақланадиган маскан эмас. Улар халқларнинг хотираси, давлатларнинг сиёсий қарорлари ва тарихий жараёнларнинг асл манбаларини ўзида мужассам этган илмий хазиналардир. Айниқса, Туркистон ва Марказий Осиё тарихи каби мураккаб даврларни тадқиқ этишда хорижий архивлар кўпинча маҳаллий манбаларда учрамайдиган қимматли маълумотларни сақлаб қолган бўлади.
Академик Азамат Зиёнинг Берлиндаги учрашувлари давомида Германия архивлари мутасаддилари ўзбек халқи, миллий давлатчилик тарихи ҳамда Турон-Туркистон билан боғлиқ ҳужжатларни излаш ва тадқиқ этиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Бу эса келгусида икки давлат тарихчилари ўртасидаги илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Архив фондларида аниқланган ҳужжатлар орасида ХХ асрнинг 20 йилларида Туркистон ва Бухородан Германияга таҳсил олиш учун юборилган ёшлар ҳақидаги маълумотлар алоҳида эътиборни тортади.

Маълумки, жадидлар ва янги давр ислоҳотчилари тараққиётнинг асосий омили сифатида замонавий таълимни кўрган. Шу сабабли юзлаб истеъдодли ёшлар Европанинг нуфузли олийгоҳларига юборилган. Уларнинг аксарияти кейинчалик Ўзбекистон илм-фани, тиббиёти, муҳандислиги ва маърифат соҳаларининг шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Бироқ бу ёшларнинг ҳаёти, Германиядаги фаолияти ҳақида ҳануз кўплаб номаълум жиҳатлар мавжуд. Берлин архивларида сақланаётган ҳужжатлар айнан шу бўшлиқларни тўлдириш имконини бериши билан қимматлидир.

Топилган ҳужжатлар орасида Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти фаолиятига доир материалларнинг мавжудлиги ҳам катта илмий аҳамиятга эга. Мазкур давр Марказий Осиё тарихида кескин сиёсий ўзгаришлар, мустақил давлат қуриш уринишлари ва советлашув жараёнлари билан алоҳида диққатга сазовор

Архивдаги энг қизиқарли топилмалардан бири ўзбек маърифатпарвар аёлларидан бири бўлган Хайринисо Мажидхоновага оид ҳужжатлардир. Хайринисо Мажидхонова Туркистон тарихида аёлларнинг таълим олиши, жамият ҳаётидаги фаоллиги ва янги давр ғояларини тарғиб этишда муҳим ўрин тутган шахслардан бири сифатида тилга олинади. Германия архивларидан топилган материаллар унинг фаолияти, халқаро алоқалари ёки ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги ўрни ҳақида янги маълумотларни юзага чиқариши мумкин.

Академик Азамат Зиёнинг Берлиндаги илмий ташрифи оддий протокол тадбири эмас, балки миллий тарихимизнинг ҳали ўрганилмаган саҳифаларини тиклашга қаратилган муҳим қадамдир. Германия архивларида сақланаётган ҳужжатлар Туркистоннинг ХХ аср бошларидаги сиёсий, маданий ва маърифий ҳаётини янада чуқурроқ англаш имконини беради/
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА