Биоўғит ҳосилдорликни оширмоқда
Фарғона вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази “Био-сервис” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишда қўлланиладиган макро ва микро элементларга бой биоўғит ишланмасини яратди.
Фарғона вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази “Био-сервис” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишда қўлланиладиган макро ва микро элементларга бой биоўғит ишланмасини яратди.Бугунги тез ўзгараётган даврда илм-фан ютуқлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда ишлаб чиқаришга юқори самарали ишланмалар, илғор инновацион технологияларни татбиқ этмасдан туриб харидоргир маҳсулот тайёрлаш мушкул. Бинобарин, мамлакатимизда илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда унинг ютуқларидан оқилона фойдаланиш масаласига тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мамлакатимизда анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўзининг амалий самараларини бермоқда. Бу бевосита тадқиқотчилар ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, энг сўнгги ихтироларни иқтисодиётимизнинг турли тармоқларига жадал татбиқ қилишда катта аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ҳосилдорликни оширишнинг тежамкор янги технологияси – биоўғит ҳам бугун деҳқон ва фермер хўжаликларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Биоўғит таркибида ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўладиган органик бирикмалар шаклидаги макро ва микро элементлар бор, – дейди Фарғона вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази директори Р.Қорабоева. – У экиннинг ўсиш жараёнини 15-20 кунга тезлаштириш баробарида ҳосилдорликни 30-40 фоизга оширади. Шунингдек, ўсимликнинг ноқулай шароитлар, хусусан, сув тақчиллиги, ҳаво ҳароратининг пасайиши, тупроқ таркибининг шўрланиши каби ҳолатларга мослашишига ёрдам беради.
Мазкур ишланма мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида тажриба сифатида синовдан ўтказилди ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманидаги “Ш.Гулраўшан”, “Даўлетназар бошлиқ”, Фарғона вилояти Данғара туманидаги “Ёрқиной Аҳмедова”, “Кимё Данғара равнақи” каби фермер хўжаликлари мазкур биоўғитдан фойдаланиб, пахта ва ғалладан қўшимча ҳосил олишга эришди.
– Биоўғит бизга жуда маъқул бўлди, – дейди Данғара туманидаги “Кимё Данғара равнақи” фермер хўжалиги раҳбари А.Йўлдошев. – Ўтган йили ундан фойдаланиб, пахта ҳосилдорлигини 7 центнерга оширдик. У атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун зарарсиз бўлиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кескин оширади.
Яқинда бўлиб ўтган VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида мазкур ишланма бўйича юртимиздаги фермер хўжаликлари билан 1,5 миллиард сўмликдан ортиқ шартномалар имзоланди.