Билолиддин “Плеханов фахри” мукофоти совриндори бўлди
Юртимизда таълим ва илм-фан соҳасини тубдан такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдонда муносиб иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида таълим сифати оширилмоқда, талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этилиши, халқаро грантлар, танловлар ва академик дастурларда иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ана шундай имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланаётган ёшлардан бири навоийлик Билолиддин Омонуллаевдир. У жорий йилда Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалини тамомлади.
Билолиддин “Плеханов фахри – 2026” йиллик жамоатчилик мукофотининг “Университет филиаллари фахри” номинациясида “Таълимдаги ютуқлар ва илмий изланишлар” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди.

Москва шаҳридаги Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Конгресс марказида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида университет бош кампуси ҳамда филиалларининг энг иқтидорли битирувчилари иштирок этди.
“Плеханов фахри” жамоатчилик мукофоти ҳар йили университет ва унинг филиалларида таълим, илмий-тадқиқот, жамоатчилик ишлари, волонтёрлик, спорт ҳамда ижодий фаолиятда энг юқори натижаларга эришган битирувчиларга танлов асосида берилади. Билолиддин Омонуллаевнинг мазкур нуфузли мукофотга сазовор бўлиши унинг университетнинг энг кучли битирувчилари қаторидан муносиб ўрин эгаллаганини англатади.
Ёш олим талабалик йиллари давомида илмий ва таълим соҳасида салмоқли натижаларга эришди. У 2025-2026 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби бўлди. Шунингдек, “Илм сари қадам” илмий-тадқиқот ишлари грант танлови ғолиби, бир қатор халқаро илмий танловлар совриндори ҳамда илмий мақолалар муаллифи сифатида ҳам эътироф этилган.
Бу каби муваффақиятлар мамлакатимизда билимли, рақобатбардош ва ташаббускор авлодни тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири