Билл Гейтс Эпштейн билан алоқалари бўйича кўрсатма берди (+видео)
Microsoft асосчиси ва миллиардер Билл Гейтс чоршанба куни АҚШ Конгресси комиссиясига кўрсатма берди, дейилади ВВС нашри тарқатган хабарда.
Комиссия Билл Гейтснинг жинсий жиноятларда айбланган Жеффри Эпштейн билан фаолиятини текширмоқда. Тингловлар ёпиқ тартибда ўтказилмоқда. Бироқ олдиндан тайёрланган баёнотда айтилишича, Гейтс қонун чиқарувчиларга ҳеч қачон бошқаларга зарар етказмаганини маълум қилмоқчи.
«Мен ҳеч қачон Эпштейннинг жиноий фаолиятига гувоҳ бўлмаганман ва бундай деб ҳисоблаш учун асосим ҳам бўлмаган. Мен унинг оролига, ранчосига ёки Флоридадаги уйига ҳеч қачон бормаганман. Менинг ҳаракатларимдан ҳеч ким жабр кўрмаган», —дейилади миллиардернинг шахсий сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Гейтс Вашингтонга кўрсатма бериш учун ихтиёрий равишда келган. Апрель ойида Конгресснинг Назорат қўмитаси у билан суҳбатлашмоқчи экани маълум бўлганида, унинг вакили Гейтс қўмита аъзоларининг барча саволларига жавоб беришга тайёрлигини билдирган эди.
BBC мухбирларининг маълум қилишича, қонун чиқарувчилар асосан уч масала бўйича савол беришни режалаштирган:
Биринчиси, нега Билл Гейтс вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланган ва судланган шахс билан танишган?
Иккинчи савол, нега у Эпштейннинг ўтмишига етарлича қизиқиш билдирмаган?
Учинчи савол шундан иборатки, Эпштейн Билл Гейтсга таъсир ўтказишга уринганми ёки аксинча?
Гейтс аввал ҳам Эпштейн билан муносабатлари фақат ишбилармонлик ва хайрия лойиҳалари билан боғлиқ бўлганини таъкидлаган. Унинг айтишича, мулоқотлар асосан хайрия дастурлари ва эҳтимолий молиялаштириш масалаларига оид бўлган. Аммо, бу музокаралар амалий ҳамкорликка олиб келмаган.
АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн ишига оид уч миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжатларни эълон қилгач, Гейтснинг номи яна диққат марказига тушди. Ҳужжатларда унинг номи жуда кўп бора тилга олинган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/42Aw4hEEStI" title="Bill Geyts Epshteyn bilan aloqalari boʼyicha koʼrsatma berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА