Билим – янги давр валютаси
Бугунги глобаллашув шароитида давлатларнинг қудрати энди бошқача мезонлар асосида баҳоланмоқда. Агар ўтган асрларда мамлакат салоҳияти унинг ҳудуди, аҳоли сони ёки табиий бойликлари билан ўлчанган бўлса, XXI аср бу қарашни тубдан ўзгартирди. Энди рақобатда ҳал қилувчи омил сифатида билим, технология ва инсон капитали майдонга чиқмоқда.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ёшлар учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев айнан шу ҳақиқатни алоҳида таъкидлади.
“Билинглар, энди давлатлар ҳудуди билан эмас, билими билан, аҳоли сони билан эмас, технологияси билан, табиий бойликлари билан эмас, инсон капитали билан рақобатга киришмоқда. Билим, илм-фан ва тафаккур маҳсули бўлган янги “Билимлар иқтисодиёти” ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда”.
Бу фикрлар, аввало, давлат тараққиётининг устувор йўналишлари ўзгараётганини англатади. Агар илгари иқтисодий ўсиш кўпроқ мавжуд ресурсларга таянган бўлса, бугунги кунда билим яратиш, уни амалиётга татбиқ этиш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш мамлакат рақобатбардошлигининг асосий шартига айланмоқда.
Бу ғоялар ўзбек маънавий мероси билан ҳам ҳамоҳанг. Буюк мутафаккир Алишер Навоий:
“Камол эт касбким, олам уйидин,
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ”,
дея инсонни касб-ҳунарни пухта эгаллашга даъват этади. Бу ҳикматнинг моҳияти ҳам бугунги “билимлар иқтисодиёти” ғояси билан уйғун. Чунки ҳар иккисида ҳам инсоннинг қадри, жамиятдаги ўрни ва келажаги унинг билим савияси, касбий маҳорати ва салоҳияти билан белгиланиши таъкидланади.
Шу боис давлат раҳбарининг ёшлар билан учрашувида таълим, касб-ҳунар ва илм-фан соҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббуслар инсон капиталига узоқ муддатли сармоя сифатида қаралаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтган мулоқот нафақат байрамона тадбир, балки мамлакат ёшларининг таълим олиши, замонавий касб эгаллаши ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган янги дастурларнинг тақдимоти бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, эълон қилинган ташаббусларнинг асосий қисми айнан таълим имкониятларини кенгайтириш, замонавий касбларни оммалаштириш ва олий таълимга кириш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган. Бу эса мамлакат тараққиётининг бош омили сифатида инсон капитали танланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Эълон қилинган дастурлар ичида энг йириги ҳар йили 500 минг нафар йигит-қизни замонавий касбларга ўқитишни назарда тутувчи “Келажак билимлари экотизими” лойиҳасидир. Бу ташаббуснинг кўламиёқ мамлакатда касб-ҳунар таълимига мутлақо янги ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
Лойиҳа доирасида ўқув марказлари ташкил этмоқчи бўлган ташаббускорларга ер майдонлари ва давлат объектлари имтиёзли шартлар асосида ажратилади, зарур инфратузилма эса давлат томонидан яратилади. Энг муҳими, давлат барча вазифани ўз зиммасига олиш эмас, балки хусусий ташаббусни рағбатлантириш орқали таълим тизимини кенгайтириш йўлини танламоқда.
Таълим соҳасидаги яна бир муҳим янгилик “касб ваучери” тизимининг жорий этилишидир. Унга кўра, ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг ўқиш харажатлари фоизсиз ссуда ҳисобидан қопланади. Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг нафар ишсиз ёш эса бепул ваучер асосида касб ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, ёшлар қайси ўқув марказида ва қайси йўналиш бўйича таҳсил олишни мустақил танлайди. Бу эса таълим соҳасига соғлом рақобат ва танлов тамойилларини олиб киришга хизмат қилади. Шу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзида 120 миллиард сўм маблағ ажратилаётгани мазкур ташаббусларнинг амалий ижросини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Касб-ҳунар таълими тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган қарорлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, лицензия талабларининг соддалаштирилиши ҳамда янги ўқув йилидан хусусий техникумларга ҳам давлат грантлари ажратилиши соҳада рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.
Бу ёндашув касб-ҳунар таълимида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади. Энг муҳими, сифатли хусусий таълим муассасалари энди фақат тўлов-контракт асосида эмас, давлат гранти ҳисобига таҳсил оладиган ёшлар учун ҳам очиқ бўлади. Бу эса таълимда тенг имкониятлар яратиш ва инсон қадри тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Ёшларнинг халқаро тажриба ва илғор билимларни эгаллашига қаратилган ташаббуслар ҳам янги мазмун билан бойитилмоқда. Айни пайтда 14 мингдан ортиқ йигит-қиз нуфузли хорижий олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Энди уларнинг таълим жараёнини мамлакат тараққиёти билан янада узвий боғлаш мақсадида таътил даврида вазирликлар, ҳокимликлар, давлат идоралари ва хусусий компанияларда амалиёт ўташ имконини берувчи махсус рақамли платформа ишга туширилади.
Бу ташаббус хорижда таҳсил олаётган ёшларни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига эртароқ жалб қилиш имконини яратади. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хусусий сектор буюртмаси асосида хорижда мутахассис тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам эътибор марказида. Шу мақсадда олий таълим муассасаси битирувчисини ишга қабул қилган тадбиркорлар учун бир йил давомида даромад ва ижтимоий солиқнинг 1 фоиз этиб белгиланиши муҳим рағбатлантирувчи механизм бўлади. Бу иш берувчиларнинг харажатларини камайтириш билан бирга, 200 мингга яқин битирувчининг меҳнат бозорига тезроқ кириб келишини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ёшлар иқтидорини рағбатлантиришга қаратилган чоралар ҳам кенгаймоқда. “Муҳаммад ал-Хоразмий” номидаги давлат стипендияси ҳамда қизлар учун таъсис этилаётган “Муҳандис қизлар” стипендияси ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Айниқса, қизларни муҳандислик ва технологик йўналишларга кенг жалб этишга қаратилган ёндашув мазкур соҳаларда гендер мувозанатини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, халқаро фан олимпиадалари ва сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиада ғолибларини 1 миллиард сўмлик мукофот билан тақдирлаш тартибининг жорий этилиши иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг яна бир самарали механизми бўлади.
Умуман олганда, эълон қилинган ташаббуслар ягона тизимни ташкил этади. Унда касбга йўналтириш, замонавий касбларни ўргатиш, хусусий таълимни қўллаб-қувватлаш, хорижий таълим имкониятларини кенгайтириш, амалий тажриба орттириш ва иш билан таъминлашгача бўлган барча босқичлар ўзаро узвий боғланган.
Албатта, ҳар қандай йирик дастурнинг самараси унинг амалий ижроси билан баҳоланади. Бироқ бу ташаббусларнинг кўлами ва мазмунининг ўзиёқ мамлакатда инсон капиталига инвестиция киритиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланаётганини кўрсатади. Бу эса олий ва касб-ҳунар таълими тизими мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясида ҳал қилувчи ўрин эгаллаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори.
ЎзА