Билим, тараққиёт ва келажак учун тенг имкониятлар
Хоразмда ўтказилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунларининг асосий мавзуси ана шундай номланди.
Урганч шаҳрида халқаро таълим дастурларини оммалаштириш, ёшларни глобал академик ҳамжамиятга жалб этиш ва Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли таълим марафони ташкил этилди.
Ёшлар ва давлат хизматчилар билан очиқ мулоқотда туман ва шаҳарлардан иштирокчилар онлайн равишда қатнашди.
[gallery-28371]
– Ташаббуснинг асосий мақсади мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олиш, имкониятдан келиб чиққан ҳолда кўпроқ иқтидорли йигит-қизлар, айниқса, чекка ҳудудлар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакилларини дунёнинг етакчи университетларида таълим олиш имкониятлари ҳақида хабардор қилишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмаилова. – Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “ҳаракатлантирувчи кучи” экани алоҳида таъкидланган. Мазкур ёндашув бугунги кунда давлатнинг таълим соҳасидаги сиёсатининг фалсафий асосига айланиб бормоқда.
Учрашувлар давомида жамғарма фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, учрашув давомида очиқ стипендия танловлари ўтказиш тартиби ва номзодларга қўйиладиган талаблар тушунтирилди. Стипендиатлар хорижда ўқишни тугатганидан сўнг уларни Ўзбекистонда муносиб ишга жойлаштириш, касбий ва мансаб поғоналарида кўтариш, Миллий кадрлар захираси киритиш каби масалалар бўйича маълумот берилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2018-2025 йиллар давомида 88 нафар ёшларимиз халқаро тажрибани эгаллаш учун бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича ўнлаб хорижий давлатларга юборилган. Уларнинг айримлари ҳозирда билим олишни давом эттираётган бўлса, кўпчилиги Ўзбекистонга қайтиб, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, муҳандислик, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, тиббиёт ва илм-фан каби долзарб йўналишларда мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари