Билим нега энг ишончли капитал?
Тасаввур қилинг, бугун боғчага қадам қўйган уч ёшли қизалоқ 2030 йилда биринчи синфга боради ва 2041 йилда мактабни битиради. Ўша пайтда меҳнат бозорида қандай касблар бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Лекин бир нарса аниқ. У қайси касбни танламасин, унинг тақдирини ўрганиш қобилияти, билими ва малакаси ҳал қилади. Мамлакатимиз келгуси ўн йилда айнан шундай авлодни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўймоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 28 августда давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимда келгуси ўн йилликни “Миллий юксалиш даври” деб атади ва бу даврнинг еттита миллий дастурини эълон қилди. Уларнинг биринчиси — билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат. Дастурларнинг кетма-кетлиги чуқур мантиққа асосланган. Соғлиқни сақлаш, юқори технологиялар, сув ва экология, қонун устуворлиги каби йўналишларнинг барчаси охир-оқибат билимли ва малакали инсонга бориб тақалади.
Мазкур мақолада миллий дастурни бир қатор оддий саволлар орқали таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Нега айнан “капитал” сўзи танланди? Миллий дастур Учинчи Ренессанс ғояси билан қандай боғланади? Сўнгги йилларда таълимда нима ўзгарди ва қайси масалалар ҳали ўз ечимини кутмоқда? Бола туғилганидан то касб эгаллагунича босиб ўтадиган йўлнинг қайси ҳалқаси энг заиф? Ва, ниҳоят, бу ислоҳотлар ҳар биримиздан нимани талаб қилади?
“Капитал” сўзи бежиз танланмаган
Иқтисодиётда капитал деганда фойда келтирадиган бойлик тушунилади. Деҳқон ерга уруғ сепади ва ҳосил олади, тадбиркор дастгоҳ сотиб олади ва маҳсулот ишлаб чиқаради. Билимни капитал деб аташ таълимга сарфланган ҳар бир сўм ва ҳар бир соатни инвестиция сифатида кўриш кераклигини англатади.
Бу ғоя илмий жиҳатдан ҳам исботланган. Америкалик иқтисодчи Гэри Беккер “инсон капитали” назариясини ишлаб чиққани учун 1992 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган. Жаҳон банки мутахассислари ўнлаб мамлакатлар маълумотларини таҳлил қилиб, ҳар бир қўшимча ўқиш йили инсоннинг даромадини ўртача 9 фоизга оширишини аниқлаган. Демак, билим давлат учун ҳам, ҳар бир оила учун ҳам энг фойдали сармоя ҳисобланади.
Давлатимиз бу сармояни кейинги йилларда изчил ошириб келмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, таълимга йўналтирилган давлат харажатлари 2021 йилдаги 39,6 триллион сўмдан 2025 йилда 84,2 триллион сўмга етди, яъни тўрт йилда 2,1 баробар ошди. Энди асосий савол – бу маблағлар қандай натижа бераётгани ва келгусида қандай натижа бериши кераклигидир.

Учинчи Ренессанс пойдевори
Миллий дастурнинг ғоявий илдизлари анча чуқур. Президентимиз 2020 йилда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини илгари сурган эди. Давлатимиз раҳбари мактабгача таълим, мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси деб атади. Боғча тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлилар эса янги Уйғониш даврининг таянч устунлари сифатида эътироф этилди. Ота-оналар бу тизимнинг бешинчи ҳалқаси ва устуни сифатида белгиланди.
Тарихимизда бундай Уйғониш даврлари икки марта юз берган. IX–XII асрларда Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино каби алломалар жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшган. XIV–XV асрларда, Амир Темур ва темурийлар даврида Улуғбек, Навоий, Беҳзод сингари буюк сиймолар етишиб чиқди. Иккала даврнинг асосида илм-маърифатга бўлган юксак ҳурмат ва билимли инсонни қадрлаш маданияти турган.
Биринчи миллий дастур шу ғоянинг амалий давоми ва ўлчанадиган кўрсаткичлардаги ифодасидир. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш энди аниқ мақсадлар, муддатлар ва натижалар билан ўлчанадиган вазифага айланди. Мақоладаги кейинги таҳлил ҳам айнан шу ҳалқалар кетма-кетлигида олиб борилади.
Ислоҳотларнинг уч босқичи
Сўнгги ўн йилдаги таълим ислоҳотларини шартли равишда уч босқичга ажратиш мумкин. Бу бўлиниш миллий дастурнинг мантиғини тушуниш учун муҳим.
Биринчи босқич – қамров босқичи. 2017 йилдан бошланган бу даврда асосий вазифа таълим эшигини имкон қадар кўп болалар ва ёшлар учун очиш эди. Ўшанда боғча ёшидаги болаларнинг атиги 27 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган, мактаб битирувчиларининг фақат 9 фоизи олий ўқув юртига кира олар эди. Қисқа муддатда минглаб боғча, мактаб ва ўнлаб янги университетлар очилди.
Иккинчи босқич – мазмун босқичи. Боланинг нимани ўрганиши ҳам қаердаги партада ўтиргани муҳим эканини англаш шу даврда юзага келди. 2018 йилдан янги авлод дарсликлари яратила бошланди, 2022–2026 йилларга мўлжалланган халқ таълимини ривожлантириш миллий дастури қабул қилинди. Миллий ўқув дастури жорий этилди, ўқитувчилар малакасини халқаро сертификатлар асосида баҳолаш ва рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Энг муҳими, Ўзбекистон илк бор PISA сингари халқаро тадқиқотларда иштирок этиб, ўз таълим тизимига четдан, холис кўз билан қарашга журъат қилди.
Учинчи босқич – сифат ва натижадорлик босқичи. Биринчи миллий дастур айнан шу босқичнинг бошланиши. Энди ислоҳотлар самараси бола нимани била олиши ва нимани уддалай олиши билан ўлчанади. 2022–2026 йилларга мўлжалланган халқ таълими дастури айни шу йили якунланаётгани ва унинг ўрнини ўн йиллик миллий дастур эгаллаётгани ҳам бу ўтишнинг табиийлигини кўрсатади.
Ягона вертикал: таълим бошқарувида янги босқич
Учинчи босқичнинг бошланиши давлат бошқаруви тизимидаги муҳим ўзгариш билан ҳам мос келди. Президентимизнинг 2026 йил 3 октябрдаги ПФ-213-сон фармонига мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.
Бу қарорнинг мазмуни оддий ва аниқ. Боғчадан илм-фангача бўлган барча босқичлар энди бир-бирига боғлиқ ягона тизим сифатида бошқарилади. Илгари мактаб битирувчисининг тайёргарлиги учун бир идора, унинг университетдаги таҳсили учун эса бошқа идора масъул эди. Энди мактаб таълими касбий ва олий таълим билан, олий таълим эса илмий фаолият билан узвий боғланади. Ушбу ўзгариш Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси ҳақидаги ғоянинг бошқарув тизимидаги амалий ифодаси ҳисобланади.
19 октябрда қабул қилинган ПҚ-380-сон қарор билан янги вазирликнинг тузилмаси белгиланди. Унинг таркибида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази, Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Вазир ҳузурида ўқувчилар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат жамоатчилик кенгаши тузилади, фуқаролар мурожаатлари учун call-марказ ва қайта алоқа тизими ишга туширилади. Президент Администрацияси ҳузурида эса инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ушбу тузилмалар билим ва малакани холис ўлчаш, қарорларни таҳлил асосида қабул қилиш ҳамда соҳанинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари 7 октябрда вазирлик фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар тақдимотида таълим босқичлари ягона вертикал сифатида ишлаши, айниқса, мактаб ва университет ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Биринчи ҳалқа: боғча – энг юқори даромад берадиган сармоя
Билим занжири боғчадан бошланади. Бу фикр илмий жиҳатдан ҳам асосланган. Нобель мукофоти совриндори, иқтисодчи Жеймс Хекман тадқиқотларига кўра, давлат маблағларининг энг юқори қайтим берадиган қисми эрта ёшдаги болалар таълимига сарфланган маблағдир. Мактабгача ёшда шаклланадиган қизиқувчанлик, сабр-тоқат, жамоада ишлаш каби кўникмалар инсоннинг кейинги бутун ҳаётига таъсир қилади.
Мамлакатимизда сўнгги ўн йилда 1,8 миллион боғча ўрни яратилди, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. Бу аҳоли сони саккиз миллион кишига ўсган шароитда эришилган натижа. Энди миллий дастур янада аниқ мақсадни белгилади. Олти ёшли болаларнинг барчаси, яъни 100 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинади.
Бу йўналишда сифатга ҳам эътибор кучаймоқда. Ўйин орқали ўқитишга асосланган янги дастур 180 мингдан ортиқ тарбиячига ўргатилмоқда ва йил якунигача 38 мингдан зиёд боғчанинг барчасига жорий этилади. 2027 йил 1 январдан бошлаб ишлайдиган оналарнинг 2–3 ёшли болаларини оилавий боғчаларга жойлаштириш харажатини давлат қоплайди. Бу қарор болалар таълими билан бир қаторда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Иккинчи ҳалқа: мактаб – рақамлар ортидаги ҳақиқат
Мактаб таълимида бир ярим миллион янги ўқувчи ўрни яратилди, 10 мингдан ортиқ мактаб модернизация қилинди. Аммо таълимнинг ҳақиқий кўзгуси ўқувчининг билимидир. Бу борада энг холис баҳони PISA халқаро тадқиқоти беради.
2022 йилда биринчи марта иштирок этганимизда натижа кўнгилдагидек бўлмади. Табиий фанлар бўйича 355 балл билан мамлакатимиз рўйхатнинг охирги ўринларидан жой олди. Бу натижа яширилмади, ундан хулоса чиқарилди. PISA-2025 натижаларига кўра, ўқувчиларимиз табиий фанлардан 438 балл тўплаб, 91 та давлат ва ҳудуд орасида 48-ўринга кўтарилди. 83 баллик ўсиш мутахассислар баҳосига кўра тахминан тўрт йиллик ўқишга тенг бўлиб, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда энг юқори натижа қайд этган давлатлар қаторига кирди.
Шу билан бирга, халқаро ҳисобот хотиржамликка берилмасликка ва чуқур мушоҳада юритишга ундайди. Ўқувчиларимизнинг қарийб учдан бир қисми табиий фанлар бўйича ҳали энг бошланғич даражага етмаган, юқори даражадаги натижани эса бор-йўғи ярим фоиз ўқувчи кўрсатган. Ўқиш ва математика бўйича натижалар маълумотларда номувофиқлик аниқлангани сабабли эълон қилинмади. Бу таълимда ҳалоллик ва шаффофлик ҳам бино ёки дарслик каби стратегик ресурс эканини эслатади. Ҳар қандай ислоҳот ишончли маълумотга таянгандагина тўғри йўналишни топади.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 30 сентябрь куни устоз ва мураббийлар билан учрашувида илгари сурилган ташаббуслар мактаб таълимидаги муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Хусусан ўқувчилар сони 25 нафардан ортиқ бўлган синфларда математика, физика, кимё ва биология фанлари икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўқитилади. Янги ўқув йилидан бошлаб 100 та мактабнинг айрим синфларида аниқ ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Мактаблар сифат индекси асосида баҳоланади ва тоифаларга ажратилади, бошқа мактабларга кўмаклашган илғор жамоалар эса рағбатлантирилади. Ўқитувчилар учун мажбурий бир ойлик малака ошириш курслари ўрнига уларнинг ўзлари танлайдиган 18–72 соатлик ваучерлар жорий этилади. Таълимнинг барча босқичларида фаолият юритаётган энг яхши ўқитувчиларни тақдирлаш учун Абдулла Авлоний номидаги янги давлат мукофоти таъсис этилади.
Бу борада ўқитувчи омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Беш йил аввал халқаро ёки миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони 29 минг нафар бўлган бўлса, бугун 143 минг нафарга етди. 40 мингдан ортиқ ўқитувчи ойига 1000 доллардан, 1500 нафари эса 2000 доллардан ортиқ маош олмоқда. Европада PISA бўйича энг юқори натижа кўрсатаётган Финляндия ва Эстония тажрибаси ҳам шуни тасдиқлайди. Таълим сифати ўқитувчилар сифатидан юқори бўла олмайди. Бу мамлакатларда ўқитувчилик энг нуфузли касблардан бири ҳисобланади ва педагогика йўналишига энг кучли абитуриентлар танлаб олинади.
Президент ташаббуслари: иқтидорни эрта аниқлаш ва рақамли кўникмалар
Мактаб таълимидаги ўзгаришларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган янги турдаги таълим муассасалари алоҳида ўрин тутади. Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи иқтидорли болаларни эрта аниқлаш ва уларни халқаро стандартлар асосида ўқитиш тизимини шакллантирди. Ўқувчиларимиз бу йил нуфузли фан олимпиадаларида 228 та медални қўлга киритгани ушбу тизим самарасини яққол кўрсатади.
Рақамли кўникмаларни ривожлантириш масаласи ҳам давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ёшларнинг кенг қатламига дастурлаш асосларини ўрганиш имконини берди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги қарори билан унинг мантиқий давоми сифатида “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси бошланди. Лойиҳа ёшларни ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда юқори даромадли касбларга йўналтиришга қаратилган.
Жорий йил 30 сентябрдаги учрашувда илгари сурилган ташаббуслар ҳам шу йўналишни давом эттиради. Келгуси йилдан бошланғич синф ўқувчилари учун фан олимпиадалари жорий этилади. Нодавлат мактабларни ривожлантириш учун 52 та туманда имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилади, бўш турган давлат бинолари 10 йил муддатга бепул ижарага берилади. Инклюзив мактаблар сони эса икки йилда қарийб беш баробар ошиб, 3 591 тага етди. Бу ҳар бир бола учун тенг имконият яратиш сиёсатининг амалий ифодасидир.
Учинчи ҳалқа: касб – дипломдан малакага
Узоқ йиллар жамиятимизда “фарзандим албатта олий маълумотли бўлиши керак” деган қараш устун бўлиб келди. Натижада айрим соҳаларда дипломли, аммо амалий малакаси йўқ мутахассислар кўпайди, моҳир уста, пайвандчи, электрик, ҳамшира етишмайдиган ҳолатлар юзага келди. Миллий дастур бу номутаносибликни бартараф этишни мақсад қилган. Бир миллион нафар ёш юқори даромадли касбларга ўқитилади, ҳар бир йигит-қиз камида битта касб эгаллайди, барча техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий қилинади.
Бу борада дастлабки натижалар бор. Сўнгги икки йилда 104 та техникумда халқаро дастурлар жорий этилди, 25 минг корхона техникумлар билан ҳамкорлик қилмоқда, 100 мингдан ортиқ талаба ўқиш давомида даромад топмоқда. Дуал таълимда ўқиётган талабаларга 1,3 миллион сўмгача стипендия тўланмоқда. 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон фармонга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан еттита ҳудудда мактаб ўқувчиларини замонавий касбларга йўналтирадиган “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилади, меҳнат бозорида тан олинадиган сертификат берадиган 24 та малакани баҳолаш маркази очилади. Келгуси йилдан халқаро сертификатга эга ишлаб чиқариш таълими усталарига 50 фоиз устама белгиланади, ҳар йили 500 нафар уста хорижда малака оширади, нодавлат техникумларга эса солиқ ва ер бўйича имтиёзлар берилади.
Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, касбий таълимнинг обрўси жамиятдаги қарашга боғлиқ. Швейцарияда ёшларнинг қарийб учдан икки қисми мактабдан сўнг касбий таълим йўлини танлайди ва бу танлов жамиятда тўла қадрли йўл сифатида қабул қилинади. Германиянинг дуал тизимида эса ёшлар ҳафтанинг бир қисмини корхонада, қолганини ўқув муассасасида ўтказиб, ишга тайёр мутахассис бўлиб чиқади. Бу икки мамлакатда ёшлар ишсизлиги Европадаги энг паст кўрсаткичлар қаторида бўлиб келаётгани ҳам шу тизимнинг самарасидир.
Тўртинчи ҳалқа: университет – диплом фабрикасидан илм марказига
Олий таълимдаги ўзгаришлар кўлами ҳақиқатан тарихий. 2023 йилда олий таълим қамрови 42 фоизга, олий таълим муассасалари сони 77 тадан 212 тага етди. Бугун мамлакатимизда 1,6 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, уларнинг ярмидан кўпи қизлар. Президентимиз таъкидлаганидек, “билимли қиз – бу билимли оила, билимли авлод”.
Энди эса вазифа қамровдан сифатга ўтмоқда. Миллий дастурга кўра, камида 10 та олий таълим муассасамиз дунёнинг энг нуфузли 1000 та университети қаторига кириши керак. Ҳозир 7 та университетимиз 17 та фан йўналиши бўйича халқаро рейтингларда қайд этилган. Бу мақсадга эришиш учун университетларни бошқариш тизими ҳам ўзгармоқда. Кузатув кенгашлари аъзоларининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий олийгоҳлар вакилларидан шакллантирилади, ҳар бир университет йилига камида 50 та дарслик яратиши шарт, жаҳоннинг энг яхши 300 та университети филиалларини жалб этиш чоралари кўрилади.
Айниқса, олий таълимда дуал тизимнинг жорий этилиши муҳим қадам. Келгуси йилдан 75 та университетда, 2028 йилдан эса барча олийгоҳларда талабалар ўқиш билан бирга корхоналарда ишлайди. Корхона ишга олган талабанинг иш ҳақининг ярмини давлат қоплайди. Бу назария ва амалиёт ўртасидаги узилишни бартараф этишга қаратилган энг амалий механизмлардан биридир.
Узлуксиз занжир: бутун умр давомида ўрганиш
Билим занжирининг бу бўғини кўпинча эътибордан четда қолади. Ҳолбуки, технологиялар шу қадар тез ўзгармоқдаки, 20 ёшда олинган билим 40 ёшда етарли бўлмаслиги табиий ҳол. Сунъий интеллект кириб келаётган бугунги дунёда “бир марта ўқиб, умрбод ишлаш” модели ўз умрини яшаб бўлди.
Сингапур бу ҳақиқатни эрта англаган давлатлардан бири. 2015 йилда у ерда “SkillsFuture” миллий ҳаракати бошланиб, ҳар бир катта ёшдаги фуқарога янги малака ўрганиш учун махсус ўқув кредити ажратила бошланди. Натижада 45 ёшли ҳисобчи ҳам, 50 ёшли ҳайдовчи ҳам замонга мос касбни қайта ўрганиш имконига эга бўлди.
Бизда ҳам бу йўналишда илк қадамлар ташланмоқда. Малакани баҳолаш марказлари, ўқитувчилар учун танлов асосидаги малака ошириш ваучерлари шулар жумласидан. Янги Таълим ва илм-фан вазирлигига кадрларни қайта тайёрлаш, қўшимча ва норасмий таълимни тартибга солиш вазифаси юклатилгани, узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилгани ҳам шу йўналишдаги муҳим қадамдир. Аммо катта ёшдаги аҳолини, айниқса, хорижда меҳнат қилиб қайтган юртдошларимизни қайта ўқитишнинг яхлит тизимини яратиш келгуси йилларнинг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Очиқ саволлар ёки ислоҳотнинг кейинги чегаралари
Ҳар қандай ислоҳотнинг кучи унинг ютуқлари билан бир қаторда муаммоларни ҳам очиқ тан ола билишида. Биринчи миллий дастурни амалга оширишда жамоатчилик ва мутахассислар эътиборини талаб қиладиган бир қатор саволлар бор.
Биринчиси, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқ. Пойтахт ёки вилоят марказидаги мактаб ва чекка қишлоқдаги мактаб ўқувчисининг имкониятлари бир хил бўлмаса, миллий кўрсаткичлар ҳам ҳақиқий манзарани акс эттирмайди. Шу сабабли миллий дастурнинг муваффақиятини ўртача рақамлар билан баҳолаш етарли бўлмайди, у энг ортда қолган ҳудуд натижаси билан ўлчаниши керак.
Иккинчиси, ўқитувчилар таъминоти. Мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги сўнгги йилларда уч баробар қисқарган бўлса-да, синфларни гуруҳларга бўлиш ва фанларни инглиз тилида ўқитиш қўшимча юқори малакали кадрларни талаб қилади. Бу кадрларни тайёрлаш тезлиги ва сифати ўртасида мувозанатни сақлаш муҳим.
Учинчиси, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқлик. Ёшлар ўқиётган мутахассисликлар билан иқтисодиётга керак бўлган касблар ўртасида номутаносиблик сақланиб қолса, юқори даромадли иш ўринлари бўш туриб, малакали ёшлар эса ишсиз қолиши мумкин. Шу боис касбга йўналтиришни мактабдан бошлаб, кейинги таълим босқичлари билан узвий боғлаш бўйича уч ой ичида таклифлар тайёрлаш вазифаси қўйилгани жуда ўринли.
Тўртинчиси, маълумотларнинг ишончлилиги. PISA тажрибаси кўрсатганидек, ҳалол ва шаффоф баҳолаш тизимисиз ҳеч қандай ислоҳот ўз самарасини тўлиқ кўрсата олмайди. Синовдаги ҳар бир ноҳолислик миллий таълим тизимига берилаётган халқаро баҳонинг ўзини шубҳа остига қўяди.
Ҳар бир бўғиннинг масъулияти
Миллий дастурни амалга ошириш вазирлик ва ҳокимликлар вазифаси билан чекланмайди. Унинг тақдири ҳар биримизнинг кундалик танловимизга боғлиқ.
Президентимиз ота-оналарни Учинчи Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси сифатида эътироф этгани ҳам шу масъулиятни англатади. Ота-оналар учун бу фарзандларини мактабгача таълим билан ўз вақтида қамраб олиш, уларнинг баҳолари билан бир қаторда билим ва кўникмаларига ҳам эътибор қаратиш, касб танлашда эса унинг обрўсидан кўра фарзанднинг қобилияти ва келажакдаги меҳнат бозори эҳтиёжларига мослигини устувор қўйишни англатади.
Ишчи ва хизматчилар учун бу янги технологияларни ўзлаштириш, касбий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб боришни талаб этади. Тадбиркорлар учун эса талабаларнинг корхоналарда амалий тажриба орттиришига шароит яратиш, дуал таълимни келажак кадрларини тайёрлашга қаратилган сармоя сифатида баҳолаш муҳимдир. Олимлар ва ўқитувчилар учун эса бу ўз билим ва салоҳиятини халқаро мезонлар асосида такомиллаштиришга интилишни англатади.
Парламентнинг ҳам бу жараёндаги ўрни муҳим. Миллий дастурда белгиланган мақсадларга эришиш учун таълим ва малака сифатини ташқи баҳолаш, техникумларда халқаро стандартларни жорий этиш, малакаларни тан олиш ва дуал таълим тизимларининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш зарур. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2026 йилги иш режасида ҳам таълим сифатини ташқи назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш, мактабларда сунъий интеллект бўйича билим берилиши юзасидан вазирлик ахборотини эшитиш каби вазифалар белгиланган. ПФ-213-сон фармонга мувофиқ, янги вазирлик икки ой ичида қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича таклифлар тайёрлайди. Бу таклифларни сифатли кўриб чиқиш ва соҳанинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш Қонунчилик палатасининг яқин истиқболдаги муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Таълимга йўналтирилаётган маблағлар ўз мақсадига хизмат қилаётгани ва натижа бераётганини доимий назорат қилиш халқ вакилларининг асосий бурчидир.
Буюк аждодларимиз – Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек номлари бугун ҳам дунёда эҳтиром билан тилга олинади. Улар бизга энг қимматли бойлик сифатида билим меросини қолдирган. Бир аср аввал жадид маърифатпарварлари ҳам миллатни уйғотишнинг ягона йўли мактаб ва маърифат эканини таъкидлаган эди. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган бугунги ислоҳотлар шу тарихий йўлнинг янги босқичидир.
Мақола бошида тилга олинган қизалоқ миллий юксалиш даври якунланадиган 2036 йилда ўрта синфда таҳсил олаётган бўлади, 2041 йилда эса мактабни битириб, ўз касбини танлайди. У қандай инсон бўлиб етишади? Унинг мактаби, ўқитувчиси, касб танлови ва ўрганиш истаги қандай бўлади? Бу саволларга жавоб бугун ҳар бир боғча, мактаб, техникум ва университетда, ҳар бир оилада шаклланмоқда.
Биринчи миллий дастурнинг моҳияти ҳам шунда. У бизни билимга келажакка қилинган энг ишончли сармоя сифатида қарашга ўргатади. Зеро, ер ости бойликлари бир кун тугайди, билим эса бўлишилган сари кўпаяди.
Ойбек ҚЎШБАҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бўлими бошлиғи.
ЎзА